Инсон қадри учун тамойили янги даврнинг бош мезони

59

Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон қадри ва ҳуқуқларини олий қадрият сифатида мустаҳкамлашдир. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилган Конституциямиздаги қатор муҳим бандларда ҳам бу ўз ифодасини топган. Қуйида ана шу инсон ҳуқуқларига оид муҳим 10 та норма билан танишамиз.

Ҳуқуқлар инсон туғилиши билан берилади

Давлатимиз бош қомусида инсон ҳуқуқлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли экани белгилаб қўйилган. Бу тамойил инсонни жамиятдаги ижтимоий, иқтисодий ёки сиёсий мавқеидан қатъий назар, табиий ҳуқуқларга эга шахс сифатида тан олади. Бу ёндашув Ўзбекистоннинг халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига, хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси руҳига тўлиқ мосдир.

Инсон шаъни – дахлсиз қадрият

Конституциямизда “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир” деган қоида мустаҳкам ўрин олган. Бу норманинг ҳаётий маъноси шундаки, ҳар бир фуқаронинг обрўси, шаъни ва шахсий ҳаёти давлат ҳимоясида бўлади. Ҳеч кимнинг шаънига доғ туширувчи, камситувчи, зўравонликка ундовчи ҳаракатлар кечирилмайди.

Бундай ёндашув ижтимоий муҳитда инсонийлик ва ўзаро ҳурмат маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, ёш авлод тарбиясида “инсон қадри” ғоясининг конституциявий даражада мустаҳкамланиши жамият тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга.

Ҳуқуқ ва эркинликлар – қонун устуворлигининг мезони

Бош қомусимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда улар қонунларнинг ва давлат органлари фаолиятининг мазмунини белгилайди, деган норма мавжуд. Бу дегани ҳар бир янги қонун ёки қарор инсон ҳуқуқлари мезонига мос бўлиши шарт.

Фуқароларнинг манфаатларига зид бўлган бирор норматив ҳужжат қабул қилиниши амалда имконсиз. Чунки инсон ҳуқуқлари қонун ижодкорлигининг марказига айланган. Бу Ўзбекистонда “инсон – давлат учун эмас, балки давлат – инсон учун” деган тамойилнинг амалий ифодасидир.

Мажбуриятлар юклатиш асосланган бўлиши шарт

“Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас” деган норма фуқароларнинг эркинлигини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди. Бу эса ҳокимият органларининг, иш берувчиларнинг ёки бошқа тузилмаларининг асоссиз талабларига қарши конституциявий кафолатдир.

Бу айниқса, оддий фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, бюрократик босимларни камайтириш ва адолатли бошқарув тизимини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди.

Ҳуқуқий жавобгарликда мутаносиблик принципи

Инсон ҳуқуқларига оид яна бир муҳим норма – ҳуқуқий таъсир чоралари эндиликда мутаносиблик принципига асосланади. Бу шуни англатадики, жазолаш ёки маъмурий чоралар қўллаш инсон қилган ҳуқуқбузарлик даражасига мутаносиб бўлиши лозим.

Масалан, кичик хатолик учун ҳаддан зиёд жазолар белгиланишига йўл қўйилмайди. Адолат ва инсонпарварлик тамойили ҳуқуқий сиёсатнинг асосий йўналишига айланган.

Шахсий маълумотлар устидан назорат ҳуқуқи

Рақамли даврда энг муҳим қадриятлардан бири – шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқидир. Конституцияда ҳар бир инсон ўз ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилигини талаб қилиш, нотўғри ёки ноқонуний йўл билан тўпланган маълумотларни тузатиш ва йўқ қилиш ҳуқуқига эга.

Бу норма нафақат инсон шаънини, балки ахборот хавфсизлигини ҳам таъминлайди. Шахсий ҳаёт дахлсизлиги фақат шиор эмас, балки амалда ҳимоя қилинадиган конституциявий ҳуқуққа айланмоқда.

Эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи

Конституцияда ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган. Бу норма фуқароларнинг меҳнат миграцияси, яшаш жойини ўзгартириш ёки туризм билан боғлиқ имкониятларини кенгайтиради.

Энг муҳими, бу ҳуқуқ инсонни ўз орзулари сари эркин интилиш, ўз имкониятларини тўлиқ намоён этиш учун кенг шароит яратади.

Уй-жой дахлсизлиги кафолати

Ҳар кимнинг уй-жойи дахлсиз экани ҳақидаги норма бу ҳуқуқнинг бузилиши жиддий жавобгарликни келтириб чиқаради. Ҳеч ким суд қарорисиз фуқаронинг уйига киришга ҳақли эмас.

Бу нафақат шахсий ҳаётни ҳимоя қилади, балки фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришига конституциявий кафолат яратади.

Ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш воситалари кенгайди

“Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли” деган норма фуқароларга ҳуқуқий фаоллик беради.

Инсон ўз ҳуқуқларини фақат суд орқали эмас, балки оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик, халқаро институтлар орқали ҳам ҳимоя қилиши мумкин. Бу норма фуқаролик жамиятининг кучайишига, ҳуқуқий онг ва маданиятнинг ошишига хизмат қилади.

Судланганлик – қариндошлар учун тўсиқ эмас

Конституцияда шахснинг судланганлиги унинг қариндошларининг ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўла олмаслиги аниқ белгиланган. Бу норма ижтимоий адолат тамойилининг ёрқин намунасидир.

Ота-онасининг жинояти ёки хатоси учун бола ёки қариндошлар жавоб бермайди, уларнинг ҳуқуқлари тўлиқ ҳимоя қилинади. Бу инсон шаънини тикловчи, ижтимоий муҳитда адолатни қарор топтирувчи муҳим воситадир.

Хулоса қилиб айтганда, ҳуқуқий давлатнинг энг асосий белгиси – фуқароларнинг ҳуқуқлари қоғозда эмас, ҳаётда ҳимоя қилинишидир. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида эса, “инсон қадрини улуғлаш” тамойили нафақат шиор, балки давлат сиёсати ва ижтимоий онгнинг негизига айланмоқда.

Нурилло Тўхтасинов,

Тошкент давлат юридик университети “Давлат бошқаруви” кафедраси катта ўқитувчиси