Сув орқали минтақавий барқарорлик сари
Марказий Осиё минтақаси учун сув масаласи нафақат экологик, балки иқтисодий-сиёсий аҳамиятга ҳам эга. Пойтахтимизда “Марказий Осиёда сув муаммолари” мавзусида минтақавий семинар бўлиб ўтди.
Тадбир “Blue Peace Central Asia” ташаббуси доирасида Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ушбу учрашув минтақада сув ва иқлим бўйича узоқ муддатли муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун катта майдон вазифасини ўтади.
Семинарда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан 60 дан ортиқ мутахассислар, шунингдек БМТ, Жаҳон банки, ГИЗ каби халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Семинар давомида стратегик таҳлил, мослашув устуворликлари, сув дипломатияси, кичик трансчегаравий ирмоқлар ва малака кўникмаларини ошириш доирасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Ушбу семинар давомида иштирокчилар 2025–2026 йиллар учун режалаштирилган ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдилар. Муҳокамаларда иқлим ўзгариши таъсири, сув ресурсларига ортиб бораётган босим ҳамда музликларнинг қисқариши оқибатида пайдо бўлаётган хавф ва имкониятлар атрофлича таҳлил қилинди.
Гуруҳ муҳокамалари натижасида минтақавий мослашув устуворликлари, шу жумладан молиялаштиришнинг инновацион механизмлари, маълумот алмашинуви, илмий-тадқиқот марказлари ва университетлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Йиғилишда ҳукуматлар, тадқиқотчилар ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА