Қозоғистон вазири: Маданий ҳамкорлик – жипслаштирувчи куч
Қозоғистон Республикаси маданият ва ахборот вазири Аида Балаева Ўзбекистон билан ҳамкорлик бугунги кунда мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничиликка таяниб ривожланаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, тарихий илдизлари муштарак икки қардош халқни умумий маданият, тил ва қадриятлар азалдан бирлаштириб келган.
– Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган сиёсат маданий ва гуманитар алоқаларни янги босқичга кўтарди, – дейди мулозим. – Стратегик ҳамкорлик бўйича келишув, икки давлат раҳбарларининг самимий мулоқотлари ва маданият соҳасидаги қўшма ташаббуслар ўзига хос яқинликнинг амалий натижасидир. Сўнгги йилларда ўтказилаётган “Қозоғистон маданияти кунлари” ва “Ўзбекистон маданияти кунлари”, турли ижодий фестиваллар, кўргазмалар, театр алмашинувлари ўзаро руҳий яқинликни янада кучайтирмоқда. Ёш ижодкорлар учун яратилаётган умумий дастурлар эса интеграцияни давом эттирувчи янги авлод шаклланишига хизмат қилмоқда.
Аида Балаева халқ мусиқаси, адабий мерос ва оғзаки ижоддаги ўхшашлик ҳам икки халқ қалбини бир-бирига боғлаб келаётганига урғу берди. Унинг фикрича, маданият – нафақат ижодий ҳамкорлик майдони, балки келажак авлодлар ўртасида дўстлик ва ишончни мустаҳкамловчи энг кучли восита. Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг маданий ҳамкорлиги Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиёт учун ҳам муҳим. У минтақавий форумлар, ёшлар дастурлари ва меросни асраш бўйича қўшма лойиҳаларни умумий тарихий масъулиятнинг ифодаси сифатида баҳолади. Шерикликни янада кенгайтириш, кино, театр, адабиёт ва мусиқа йўналишларида янги платформалар яратиш тарафдори эканини айтиб, маданият орқали қурилган дўстлик – бугунги ва келажак авлод учун бебаҳо меросга айланишига ишонч билдирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА