Туманларда рўйхатга олиш ишларига тайёргарлик қизғин давом этмоқда

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги махсус фармонига мувофиқ аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан Қўнғирот туманида маҳалла еттилиги ходимлари иштирокида амалий семинар ўтказилди.
Тадбир давомида рўйхатга олиш босқичлари, сўровномалар билан ишлаш тартиби ва электрон тизим орқали маълумот киритиш жараёни бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

Иштирокчиларга респондентлар билан мулоқот қилиш, сўровномаларни тўлдиришда эътиборли бўлиши лозим бўлган жиҳатлар ва аҳолига тўғри маълумот етказиш бўйича амалий кўрсатмалар берилди.
Бундай семинарлар жойлардаги масъул ходимларнинг билим ва тажрибасини ошириш, рўйхатга олиш жараёнини пухта ва самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги