Белгиланмаган жойларда озиқ-овқат маҳсулотлари сотувчилари огоҳлантирилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан Нукус деҳқон бозорида озиқ-овқат хавфсизлигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати ўтказилди.
Жамоат жойларида озиқ-овқатларнинг сотилиши бор гап, лекин ўша озиқ-овқат маҳсулотлари санитария жиҳатидан қанчалик сифатли, кафолатланган?
– Уй шароитида озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаб, бозорлардаги белгиланмаган жойларда сотаётган фуқароларимизга тушунтириш ишлари олиб борилди. Улар сотаётган консерва банкаларидаги маҳсулотлар, пирожки, сомса, сут маҳсулотлари ва бошқалар текшириб кўрилганда кўпчилигининг санитария талабларига жавоб бермаслиги, сотиб ўтирган жойларининг ҳам талабга жавоб бермаслиги аниқланди, – дейди бошқарманинг бўлим бошлиғи Бийбигул Узоқбоева.
Фуқароларимизга озиқ-овқат маҳсулотларини шубҳали бўлган жойлардан сотиб олмасликни, сотиб олаётган маҳсулотнинг сифати, тозалиги, кўриниши, идишининг бутунлиги, гигиеник индивидуал идишларда берилишига эътибор беришни тавсия этамиз. Шунингдек, маҳсулотларнинг сақланиш ҳолати (баъзи ҳолларда ҳарорат талабларига жавоб бермайди), таомни тайёрлашда фойдаланилган маҳсулотлар ҳақида маълумотларни сўрашингизни, яроқлилик муддатларига қарашни ҳам унутманг.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ходимлари томонидан жойларда рейд тадбирлари давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги