20 та қурилиш компанияси мамлакат солиқ тушумининг 17 фоизини таъминлади

Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида мамлакат бўйлаб фаолият юритаётган 30 минг 384 та қурилиш корхонаси давлат бюджетига жами 6,3 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўлаган.
Бу кўрсаткич сўнгги йиллардаги қурилиш соҳасидаги фаолликнинг ортиши ва иқтисодиётдаги инвестицион жараёнлар кучайганини англатади.
Умумий солиқ тушумининг 16,7 фоизи, яъни 1 триллион сўмдан ортиқ қисми 20 та йирик қурилиш компанияси ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ушбу етакчи корхоналарнинг жами товар айланмаси 18 триллион сўмдан зиёд бўлиб, улар томонидан фойдаланилган солиқ имтиёзлари 328,5 миллиард сўмни ташкил этган.

Бу рақамлар тармоқда концентрация юқори эканини, яъни бозорнинг катта қисми айрим йирик иштирокчилар қўлида эканини кўрсатади. Шу билан бирга, давлат томонидан имтиёзлар орқали уларнинг инвестиция фаоллигини қўллаб-қувватлаш тенденцияси ҳам кузатилмоқда.
Тўпланган солиқлар қуйидагича тақсимланди. Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) — 512,1 миллиард сўмни, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи — 192,2 миллиард сўмни, ижтимоий солиқ — 180,6 миллиард сўмни, фойда солиғи — 153,9 миллиард сўм, бошқа турдаги солиқлар — 27,2 миллиард сўмни ташкил этади.
Бундан кўриниб турибдики, қурилиш соҳасидаги асосий солиқ манбаи — ҚҚС ҳисобланади. Бу соҳада товар айланмаси ва материал харажатлари катта бўлгани учун ҚҚС улуши юқори бўлиши табиий ҳол.
Эътиборли жиҳати, сўнгги икки йилда қурилиш соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётининг энг фаол тармоқларидан бирига айланди. Марказий ва маҳаллий лойиҳалар, уй-жой дастурлари, инфратузилмани янгилаш ишлари ҳамда хусусий инвестицияларнинг кўпайиши соҳага ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, қурилиш материаллари импортидаги ўзгаришлар ва ички бозордаги нархлар динамикаси соҳа фойдасига таъсир этмоқда. Давлат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари (имтиёзлар, кредитлар, давлат буюртмалари) ҳам юқори фаолликни таъминламоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА