Углерод-нейтрал иқтисодиётда гендер сиёсати янги босқичга кўтарилади

67

Сўнгги йилларда дунё миқёсида иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит муаммолари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Барқарор ривожланишга эришишда углерод чиқиндиларини қисқартириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш муҳим вазифалардан бирига айланди.

Ўзбекистон ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиб, углерод-нейтрал иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш бўйича қатор ислоҳотларни амалга оширмоқда. Шу билан бирга, гендер тенглиги тамойилларини ушбу соҳадаги сиёсат ва лойиҳаларга интеграция қилиш масаласига ҳам катта эътибор қаратилаётир.

Энергетика вазирлигида “Ўзбекистонда углерод-нейтрал иқтисодиётга ўтиш бўйича гендерга йўналтирилган ва адолатли “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш” лойиҳаси доирасида ўтказилган техник давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.

Тадбирда мазкур лойиҳага асосан мамлакатимизнинг углерод-нейтрал иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиши жараёнида гендер жиҳатлари ҳисобга олиниши ва “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши қайд этилди.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, ушбу ташаббус Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Энергетика вазирлиги,  Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва БМТ Хотин-қизлар тузилмаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Давра суҳбатида дастлабки таҳлил натижалари ҳамда “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш жараёни тақдим этилди. Иштирокчилар ҳужжатга киритилиши мумкин бўлган амалий воситалар, шунингдек, гендер тенглиги ва инклюзив иқлим сиёсатини ривожлантириш механизмларини муҳокама қилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти вакили Саодат Ибрагимова ўз чиқишида жамият фаолиятида гендер тенглиги масалаларига жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

–Тизимда хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароити яратиш, уларнинг раҳбарлик лавозимларида фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, касбий малакасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Энергетика соҳасида аёллар фаолиятини кенгайтириш фақат ижтимоий адолат нуқтаи назаридан эмас, балки иш самарадорлигини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бизнинг жамоада аёллар нафақат муҳандислик ёки бухгалтерия йўналишларида, балки лойиҳа бошқаруви ва стратегик қарор қабул қилиш жараёнларида ҳам фаол иштирок этмоқда. Гендерга йўналтирилган ёндашувлар барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим омил бўлиб, бу йўналишда тажриба алмашиш ҳар жиҳатдан фойдали, – деди С.Ибрагимова.

Йиғилиш якунлари бўйича манфаатдор томонлар ҳамкорликни кучайтириш вазифаларини белгилаб олди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА