Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларда қўшма логистика хаблари: ҳамкорлик ва ривожланиш истиқболлари

87

Жаҳонда юз бераётган глобаллашув жараёнларида транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Юкларни етказиб бериш жараёнида қулай инфратузилманинг мавжудлиги етказиб бериш харажатларининг камайишига ва сифатли хизматни таъминлашга ёрдам беради.

Бугунги кунда электрон тижорат бозорининг ривожланиши туфайли транспорт хизматларига бўлган эҳтиёж сезиларли даражада ортиб бормоқда. 170,84 миллион кишилик аҳолини қамраб олган Туркий давлатлар ташкилоти ҳудуди катта иқтисодий имкониятлар ва транспорт потенциалига эга минтақа ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги иқтисодий интеграция аллақачон сезиларли натижаларни бермоқда: ушбу давлатларнинг умумий ЯИМ кўрсаткичи 5,6 триллион доллардан ошиб, кейинги ўсиш учун катта салоҳиятга эга. Ташкилотга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг ташқи савдосида 14,5 фоиз улушга эга бўлиб, 2017 йилдан 2024 йилга қадар инвестициялар ҳажми 7,5 миллиард доллардан зиёд бўлган.

Туркий давлатлар ташкилоти доирасида транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш аъзо давлатларга товар ва маҳсулотларни сотиш учун янги бозорга чиқиш, импорт ва экспорт осонлаштириш ҳамда маҳсулотлар таннархини камайтириш, товарларни етказиб бериш тезлигини оширишга ва бошқа харажатларни оптималлаштиришга хизмат қилади.

Маълумот учун шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бугунги кунда дунёда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган 44 та давлат мавжуд бўлиб, улардан 32 таси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ривожланаётган, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган (16 таси Африкада, 10 таси Осиёда, 4 таси Европада ва 2 таси Лотин Америкасида жойлашган) давлатлар сифатида таснифлаган. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар (Туркиядан ташқари) ривожланаётган, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар қаторига киради.

Туркий давлатлар ташкилотининг бир қанча аъзо давлатлари Каспий денгизи билан чегарадош бўлса-да, Каспий денгизи, аслида, океанга чиқмайдиган йирик кўл бўлганлиги сабабли улар ҳанузгача “денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар” ҳисобланади. Шу сабабли Туркий давлатлар ташкилоти доирасида транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш орқали иқтисодий барқарорликни таъминлашда аъзо давлатларнинг барчаси манфаатдор ҳисобланади. Айниқса, Ўзбекистон учун ташкилотга аъзо давлатлар билан транспорт соҳасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш ва транспорт-логистика марказлари интеграциясини ҳамда қўшма транспорт-логистика хаблари ва марказларини ташкил этиш манфаатли.

Ўзбекистон денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар билан тўлиқ чегарадош бўлган дунёнинг икки давлатидан бири бўлганлиги учун “икки карра денгизга чиқиш имконияти бўлмаган” (double landlocked) давлат ҳисобланади. Ўзбекистон энг яқин портга чиқиш учун 3 минг километр атрофида масофани босиб ўтиши талаб этилади.

Географик жойлашуви сабабли денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар транспорт-логистика марказлари ва қуруқлик портлари каби асосий транспорт инфратузилма тугунларини яратиш ва ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу сабабли таъкидлаш жоизки, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар учун транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш устувор аҳамият касб этиб келмоқда. Бунга мисол сифатида “Турк дунёсининг нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатида транспорт йўлакларини ривожлантириш ва йирик логистика инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш алоҳида таъкидланганини келтириш мумкин.

Туркий давлатлар ташкилоти шакллангандан буён транспорт ва логистикани ривожлантириш мақсадида ташкилот турли лойиҳалар: Транскаспий темирйўл йўлаги, Қардош портлар жараёни каби лойиҳалар ва Логистика марказлари ва юк ташувчилар альянси ташкил этилди.

“Қардош портлар” жараёни аъзо давлатлар портлари ва транспорт-логистика марказлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, онлайн ахборот алмашиш платформасини жорий этиш, транспорт коридори бўйлаб режалаштирилган блок поездларни биргаликда ишга тушириш ва умумий рақамли платформаларни ишга тушириш бўйича ҳамкорлик қилиш орқали амалга оширилади. 2022 йилда Ўзбекистоннинг “Universal Logistics Services”, “Ахтачи” ва “Termez Cargo Center” каби транспорт-логистика марказлари ташкилот аъзоларининг “Қардош портлари” жараёнига қўшилган.

Шунингдек, ташкилот томонидан аъзо мамлакатларда юк ташиш ва логистика марказларини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида
2024 йилда ташкилот ҳузурида “Логистика марказлари ва юк ташувчилар альянси” ташкил этилди. Альянс логистика ва юк ташиш, муҳандислик ишлари ҳамда консалтинг хизматлари билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларни ўзида бирлаштирган.

Альянснинг асосий мақсадлари Туркий мамлакатлардаги йирик логистика марказлари, юк ташувчилар, терминаллар, денгиз ва қуруқлик портлари ўртасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион ечимларни жорий этиш орқали бутун минтақанинг транспорт-логистика салоҳиятини ошириш ҳисобланади.

Ташкилотга аъзо давлатлар транспорт-логистика марказларини ривожлантиришда нафақат ташкилот доирасидаги лойиҳалар балки халқаро лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Хусусан, ташкилотга аъзо давлатларнинг барчаси БМТнинг Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг (ЭСКАТО) “Қуруқлик портлари” тўғрисидаги ҳукуматлараро битимига қўшилган бўлиб,  Озарбайжонда 11 та мавжуд ва 9 та потенциал қуруқлик портлари, Қозоғистонда 4 та, Қирғизистонда 2 та, Туркияда 2 та мавжуд ва 17 та потенциал қуруқлик портлари халқаро қуруқлик портлари рўйхатига қўшилган ҳамда Ўзбекистонда қуруқлик портларини ривожлантириш ва халқаро қуруқлик портлари рўйхатига қўшиш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда.

Туркий давлатлар ташкилоти давлатларининг транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш туркий давлатларнинг умумий манфаатларига хизмат қилади. Тармоқланган ва яхлит транспорт тизими туфайли Туркий давлатлар ташкилоти Евросиё қитъасидаги асосий транспорт ва логистика коридорига айланиши мумкин.

Бундай шароитда аъзо мамлакатларнинг трансминтақавий транспорт коридорлари бўйлаб қўшма транспорт-логистика марказларини ривожлантириши алоҳида аҳамиятга эга.

Ташкилотга аъзо барча мамлакатлар томонидан ушбу йўналишда келишилган ҳолда олиб бориладиган қўшма ҳаракатларгина ягона, ривожланган ва самарали ишлайдиган транспорт тармоғини шакллантириш имконини беради.

Моҳигул Қосимова, ЎзА