Чемпионга ҳурмат кўрсатилди

Айни кунларда Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида VI Ислом бирдамлик ўйинлари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу мусобақада Ўзбекистон спорт делегацияси таркибида спортнинг бир неча турлари бўйича республикамиз спортчилари ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда. Хусусан, ушбу нуфузли мусобақада бокс бўйича -60 кг вазнда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида беллашувларга чиққан умидли спортчимиз Мадияр Данияров барча рақибларини енгиб чиқиб, олтин медаль соҳибига айланган ва барча спорт мухлисларини чексиз қувончга тўлдирган эди.
Кеча ғолиб боксчимиз Мадияр Данияров республикамизга қайтиб келди ва Нукус халқаро аэропортида республикамиз кенг жамоатчилиги, мураббий-устозлари, ота-оналари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан тантанали тарзда кутиб олинди.
Спортчини кутиб олиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Мурат Атамуратов, Спорт вазири Еркинбай Қутибаевлар сўзга чиқиб, боксчимизни эришган катта ютуғи билан табриклади ва ва Мадиёрнинг бу ғалабаси республикамиз бокс тарихида олтин ҳарфлар билан муҳрланиб қолишини таъкидлади.



Тадбирда VI Ислом бирдамлик ўйинлари чемпиони Мадияр Данияров ва унинг мураббийи Шароф Айтбоевга гул дасталари ва эсдалик совғалари топширилди.
– Менинг қувончимга шерик бўлиб, тантанали тарзда кутиб олганлари учун республикамиз ҳукумати, соҳа раҳбарлари ва бокс мухлисларига катта раҳмат айтаман. Келгусида халқимиз ишончини тўла оқлаб, Осиё ва жаҳон чемпионатларида ҳам олтин медални қўлга киритишга ҳаракат қиламан, – дейди қувончдан юзлари гулгун Мадиёр Данияров.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси