Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, таълим беришда янги босқичлар

81

Қарор ва ижро

Президентимизнинг 2025 йил 29 июлдаги қарорига асосан Қуролли Кучлар академияси ислоҳ қилинди. Унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам юқори малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини мунтазам равишда такомиллаштириб бориш, ўқув жараёнларига ҳарбий тайёргарликнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш каби вазифалар белгиланган.

Университетнинг бугунги фаолияти хусусида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети бошлиғининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Фарҳоджон ШЕРМАТОВнинг фикрларига қизиқдик.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Бош Қўмондонимиз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур қарори билан Мудофаа вазирлигининг барча ҳарбий таълим муассасалари – 5 та институт, Сержантлар тайёрлаш олий мактаби ҳамда Авиация ва учувчисиз учиш аппаратлари мутахассисларини тайёрлаш маркази институт мақомида университет таркибига ўтказилди. Бу эса, марказлашган вертикал тизимни ҳосил қилиб, қўшинларнинг жанговар салоҳиятини янада ошириш, дуал таълимни кенгайтириш, илмий тадқиқотларни амалиётга татбиқ этиш каби мақсадларни ўз ичига олади, – деди Ф. Шерматов. – Янгиликлардан яна бири – тор доирадаги ихтисосликлар бўйича “2+2” тартиби йўлга қўйилди. Яъни, психолог, алоқачи, таъминотчи, омборчи каби 18 хил ёндош соҳа мутахассислари бошқа олий таълим муассасаларининг иккинчи босқич талабалари орасидан саралаб олинади.

Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ушбу ўқув йилидан бошлаб, битирувчи босқич курсантлари учун танлов асосида “Олий Бош Қўмондон” давлат стипендияси берилади. Мазкур стипендия соҳиби бакалавриатни тамомлаганидан сўнг беш йил мобайнида олий ҳарбий таълим муассасаларининг магистратурасига имтиҳонларсиз қабул қилинади. Олий ҳарбий таълим муассасаларининг 36 та таълим йўналиши битирувчилари бирйўла иккита диплом – фуқаролик ва ҳарбий касбга мўлжалланган мутахассислик эгаси бўлади. Бу уларга ҳарбий хизматдан кейин ҳам фаол ишлаш имконини беради.

Қуролли Кучлар академиясини ислоҳ қилиш ва унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этиш жараёнида бир қатор янги кафедра ва марказлар ташкил этилди.

Университет ичида 4 та ҳамда округларда 6 та округ факультетлар фаолият юрита бошлади. Ҳарбий хавфсизлик бош штаби факультети, Умумқўшин факультети кабилар шулар жумласидандир. Умумқўшин факультети (бакалавриат) битирувчиларига лейтенант ҳарбий унвони, олий маълумотли мутахассис дипломи ва ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.

Хорижий ҳарбий кадрларни тайёрлаш факультетида – 100 дан ортиқ хорижликлар магистратура, бакалавриат, ҳарбий профессор-ўқитувчилар (докторантура, мустақил изланувчилар) малакасини ошириш курслари, олий таълимдан кейинги таълимда таҳсил олади.

Бундан ташқари, Чегара фаолияти факултети ҳам мавжуд. Умумқўшин факультетида эса мотоўқчи ва чегара бўлинмалари командири, тарбиявий ва мафкуравий ишлар тактик қўмондонлиги офицерлари, қўшинлар фронт орти тактик қўмондонлиги, Кимё қўшинлари тактик қўмондонлиги, ИИВ қўшинларининг тактик қўмондонлиги ҳамда ҳарбий психолог мутахассисликлари бўйича офицерлар тайёрланади.

Бугунги кунда университетда бир қатор хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган курсант ва офицерлар бакалавриат, магистратура ва таянч докторантурада таҳсил олмоқдалар, шунингдек, хорижий ҳарбий педагог кадрларни малакасини ошириш амалга оширилмоқда.

Шиддат билан тараққиёт сари одимлаётган даврда қайси соҳа бўлмасин, замонавий илмларни сифатли эгаллашга асос бўлувчи воситаларнинг ўрни беқиёс аҳамиятга эгадир. Шунга ҳамоҳанг, университетнинг ўқув-моддий базаси, ўқув аудиториялари энг сўнгги технологиялар асосида ишлаб чиқилган замонавий тренажёрлар, лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникалари билан жиҳозланган.

Курсант ва тингловчиларнинг яшаши ва дам олиши учун шинам ва кўркам ётоқхоналар, ёпиқ сув ҳавзаси, заллар, маданий ҳордиқ маркази ва ошхона фаолият юритмоқда. Бу каби кенг имкониятлар Ватанимизнинг бўлажак ҳимоячилари сидқидилдан, қунт билан соҳа сирларини ўзлаштиришларида асос бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йилдаги “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори қабул қилинган. Шунга мувофиқ мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш, улар онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Шу ўринда савол туғилади, олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти қандай имконият ва имтиёзларга эга бўлади?

– Аввало,100 фоизлик давлат гранти асосида таълим олади, бепул олий таълим олиш билан бирга, ўқиш давомида ҳар ой стипендия ҳам берилади. Масалан, ҳар бир семестрни “қониқарли” баҳоларга тамомланса, ҳар ой ўртача 1 миллион сўм миқдорида, “яхши” баҳога тамомласа, ҳар ой ўртача 1 миллион 200 минг сўм миқдорида, “аъло” баҳога тамомласа, ҳар ой ўртача 1 миллион 500 минг сўм миқдорида стипендия олади.

Ҳарбий олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлиги юз фоиз таъминланади. Уларга лейтенант ҳарбий унвони, олий маълумотли мутахассис дипломи ва ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади. Курсант ва тингловчилар учун бир йилда икки маротаба – қишда 15 кун, ёзда эса бир ой таътил берилади. Бу вақтда вилоятларга бориш учун бепул темир йўлга чипталар тақдим этилади. Ўқиш давомида эса ҳар олти ойда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Шаҳар транспорт воситаларида бепул юриш, музей, кўнгилочар ва маданий масканларга кириш имконияти ҳам шулар жумласидан саналади. Ўқиш давомида эса ҳар ҳафта мана шундай маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Университет курсантлари орасидан қора белбоғ соҳиблари, спорт усталигига номзодлар, спорт устаси ва Республика терма жамоалари сафига аъзолар сонини ошириш мақсадида оммавий равишда шарқ яккакурашлари билан шуғулланиш имконияти яратилган. Яъни ҳар бир курс битта спорт турига ихтисослаштирилган. Хусусан, биринчи босқич каратэ, иккинчи босқич таэквондо, учинчи босқич бокс ва ўзбек жанг санъати, тўртинчи босқич курсантлари эса армия қўл жангига ихтисослаштирилган.

Муассасада иккинчи курсдан бошлаб чет элда тажриба алмашиш, малака ошириш ва ўқиб келиш имконияти ҳам яратилган. Чунки курсантлар ўқиш жараёнида чет тилларини ўрганиш имкониятига эга. Рус ва инглиз тиллари шулар жумласига киради.

Яна бир жиҳат, Мудофаа вазирлиги тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, ҳарбий таълим тизимини замонавий талабларга мувофиқ такомиллаштириш жараёнларини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида университетида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-турлар ташкил этилади.

Унда иштирокчилар ўқув-моддий база ва аудиторияларда бўлиб, яратилган шароитлар, замонавий технологиялар, лабораториялар, илғор асбоб-ускуналар ва компьютер техникалари билан танишади. Бу ҳарбий таълимнинг аҳамиятини ёшларга етказишда муҳим асос саналади.

Абдулазиз РУСТАМОВ, 

Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), 

ЎзА