Google ГФРга 5,5 миллиард евро сармоя киритмоқда
Google Европадаги энг йирик инвестицияси лойиҳасини Германия билан бирга амалга оширади. Яъни, компания кўҳна қитъада 2029 йилгача €5,5 миллиард маблағи билан сунъий интеллект ва самовий технология инфратузилмасини кенгайтиради. Мазкур ташаббус доирасида Франкфурт яқинидаги Дитценбахда янги маълумотлар маркази қурилади, Ханаудаги кампус кенгайтирилади, Берлин, Франкфурт ва Мюнхендаги офислар модернизация қилинади. Мюнхендаги тарихий Арнульф Пост биноси эса 30 000 квадрат метрли инновацион марказга айлантирилиб, 2 000 ходим учун иш жойи яратилади.
Google шу орқали Германия ялпи ички маҳсулотига ҳар йили тахминан 1 миллиард евро қўшиш, яна 9 000 иш ўрни очиш ниятида. Олмон ҳукумати киритилажак сармояни “инновация, AI ва яшил иқтисодиёт келажагига ишонч” деб атади.
Янги марказлар Мерседес-Бенц каби йирик компанияларга тезроқ ва хавфсизроқ сунъий интеллект хизматидан фойдаланиш имконини беради. Шу билан бирга “суверен самовий хизмат»ни ривожлантириб, Европа мамлакатлари маълумот хавфсизлигини мустаҳкамлайди.
Компания 2030 йилгача 100 фоиз углеродсиз энергия манбаларига ўтишни режалаштирган. Дитценбахдаги марказда чиқинди иссиқликни қайта ишлатиш орқали 2 000 дан зиёд уйни иситиш имконини берувчи тизим жорий этилади.
Шунингдек, Google рақамли таълим ва кодлаш дастурларини қўллаб-қувватлаб, мактабларда STEM лойиҳаларини молиялаштира бошлайди. Шу тариқа компания Германияда нафақат технологик, балки ижтимоий соҳада ҳам ўз таъсирини кенгайтириш мақсадини кўзлаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА