13 ноябрь — Бутунжаҳон сифат куни

101

Бу сана ҳар бир маҳсулот, хизмат ёки иш жараёнида сифатга интилиш қанчалик муҳим эканини эслатиб туради.

Сифат — бу фақат маҳсулотнинг чиройли кўриниши ёки хизматнинг тез бажарилиши эмас. У — ишонч, хавфсизлик ва барқарорликнинг белгисидир. Сифатли маҳсулот ишлаб чиқарган ёки соф хизмат кўрсатган тадбиркор аввало одамлар ишончини қозонади.

Мамлакатимизда ҳам бу йўналишда изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан сифатни ошириш, адолатли рақобат муҳитини яратиш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қўмита мутасаддилари бозордаги маҳсулот ва хизматлар сифатини назорат қилиш, сотувдаги маҳсулотларнинг белгиланган стандартларга мувофиқлигини текшириш, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш ҳолатларига чек қўйиш бўйича доимий мониторинглар олиб бормоқда.

Бу ишлар нафақат бозордаги рақобатни соғломлаштиради, балки ишлаб чиқарувчиларни сифатга жиддий муносабатда бўлишга ундайди.

Сифатга интилиш — ҳар биримиз учун масъулият. Чунки ҳар бир маҳсулот ортида инсон меҳнати, масъулияти ва ишончи мужассам.

Нигора Раҳмонова, ЎзА