Бокуда ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистон тажрибаси юқори баҳоланди

83

Боку шаҳрида Озарбайжон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганига 30 йил тўлиши ҳамда мамлакатда “Конституция ва суверенитет йили” деб эълон қилиниши муносабати билан “Замонавий ҳуқуқий тизимларда Конституция ва қонун устуворлиги” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Озарбайжон Конституциявий суди ташаббуси билан ўтказилган мазкур анжуманда халқаро ташкилотлар вакиллари, омбудсманлар, конституциявий судлар вакиллари, олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Омбудсмани Феруза Эшматова ҳам қатнашиб, “Конституциявий қадриятлар ва инсон ҳуқуқлари: глобал тенденциялар ва чақириқлар” мавзусидаги сессиясида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасидаги тажриба ҳақида маъруза қилди.

У ўз чиқишида мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари ҳақида атрофлича маълумот берди. Маъруза иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ва Ўзбекистон тажрибасининг халқаро ҳамжамиятда эътироф этилишини тасдиқлади.

Н. Абдураимова, ЎзА