“Йўл бўлсин” номли мусиқий дастур мухлисларга тақдим этилди
Дунёда мусиқа асарлари кўп. Уларнинг турфалиги ва ранг-баранглигига қарамай, барибир ўзбек миллий мусиқасининг оҳанги ва жозибаси биз учун ғоят қадрли ва азиз. Ўзбекистон давлат консерваторияси яна бир катта мусиқа оқшомига мезбонлик қилди.
Ўзбекистон давлат симфоник оркестри қошидаги Хор жамоаси “Йўл бўлсин” деб номланган концерт дастурини мухлислар эътиборига ҳавола этди.

Концерт дастурида хормейстер Юлдуз Ҳуснитдинова раҳбарлигидаги Ўзбекистон давлат симфоник оркестрининг Хор жамоаси томонидан “Ўрик гуллаганда”, “Эй, Қуёш”, “Оҳ ким, раҳм айламас”, «Ишқингда», “Наврўз саломи” ва шу каби мусиқий асарлар, шунингдек, “Шум бола” кинофильмидан мусиқий намуна, «Шашмақом», ўзбек халқ ашула ва қўшиқларидан хор учун мослаштирилган мусиқий асарлар томошабинларга тақдим этилди.
Концерт якунида мухлисларнинг давомий олқиши чин маънода концерт дастури юксак бадиий савияда бўлиб ўтганини яна бир бор намоён этди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон давлат симфоник оркестри қошидаги Хор жамоаси нафақат юртимизда балки, Қозоғистон, Россия, Грузия, Туркия, Жанубий Корея, Хитой, Сербия, Болгария, Черногория, Хорватия, Португалия каби давлатларда фестиваль ва концерт дастурларида ўз чиқишлари билан иштирок этиб келмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА