Ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари юқорилигича қолмоқда

82

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан 2025 йилда ер қаъридан ноқонуний фойдаланиш, ер ости сувлари назорати йўналишларида бир қанча назорат тадбирлари амалга оширилган.

Бунда жисмоний ва юридик шахсларга ёзма кўрсатмалар берилган. Айрим корхоналарнинг иш фаолияти тўхтатиб турилган. Ҳуқуқбузарлик содир этган бир қатор субъектлар эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитасининг йиғилишида айтиб ўтилди. Унда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясининг жорий йилда амалга оширган ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.

Ахборотда келтирилганидек, жорий йилда ер қаъридан фойдаланишда видеотасвир орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш, ер қаъридан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар қайд этилган видеоёзувларни юборган шахсларни рағбатлантириш тартибини белгиловчи низом тасдиқланди. Бу эса соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириб, ҳуқуқбузарликларни камайтиришга хизмат қилмоқда.

Соҳани рақамлаштириш борасида “Геомониторинг” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, яширин иқтисодиётнинг олдини олиш учун ахборот тизимида норуда фойдали қазилмалар бўйича маълумотлар базаси рақамлаштирилди. Ахборот тизими бир қанча тегишли давлат органлари тизимлари билан интеграция қилинди.

Муҳокамаларда депутатлар ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари ҳануз юқори экани, бу борада назорат тадбирларини кучайтириш зарурлиги, рақамлаштиришни жадаллаштириш орқали инсон омилини камайтириш, коррупциянинг олдини олиш, тоғ-кон саноати корхоналарида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар сабабларини таҳлил қилиб, уларнинг олдини олиш лозимлигини айтиб ўтди. Бу борада бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА