Сичқонча ўрнини босувчи ақлли узук
Kickstarter платформасида Prolo Ring номли замонавий ва минималист дизайндаги ақлли узук тақдим этилди. У компьютер сичқончасининг ўрнини босишга қодир бўлиб, кампания бошланганидан атиги 9 дақиқа ўтиб керакли маблағни тўплади.
Prolo Ring 5 грамм оғирликда бўлиб, кўрсаткич бармоққа тақилади. Қурилмада сенсорли панель, 6 ўқли ҳаракат датчиги ва тегиниш сенсори мавжуд. Курсорни бошқариш, саҳифани айлантириш, масштабни ўзгартириш ёки турли буйруқларни бажариш бош бармоқ ҳаракати билан амалга оширилади. Узук 40 дан ортиқ ишорани таний олади ва фойдаланувчи уларни ўз хоҳишига кўра созлаши мумкин.
Лойиҳа муаллифи Жоуй Ченгнинг сўзларига кўра, Prolo Ring дан фойдаланишни ўрганиш учун атиги 5 дақиқа кифоя. “Бу шунчаки суриш ва босишлардан иборат. Созлаш жараёни эса ижодий ва қизиқарли,” — дейди у.
Prolo Ring ўйин ўйнаш, интернетда ишлаш ва кундалик компьютер вазифаларини бажаришда сичқончани тўлиқ алмаштира олади. Аммо 3Д-моделлаштириш ёки фотосурат таҳрири каби юқори аниқлик талаб қиладиган ишлар учун у унчалик мос эмас — кичик ҳажм аниқликни чеклайди.
Қурилма Bluetooth орқали ҳар қандай тизимга уланади, бир соатда тўлиқ қувватланади. Бироқ батарея саккиз соатлик иш кунини тўлиқ ўтай олмайди. Шу сабабли тўпламга зарядловчи қути ҳам киритилган бўлиб, у узукни 30 кунгача қувватлаб тура олади.
Prolo Ring ҳозирда 99 долларга олдиндан буюртма қилиш мумкин, якуний чакана нархи эса 199 доллар бўлиши кутилмоқда. Дастлабки етказиб бериш 2025 йил декабрига режалаштирилган.
Мадинабону Насриева,
Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА