Маданият, спорт ва туризм ходимлари учун байрам кечаси ташкил этилди

62

Давлатимиз раҳбарининг нодавлат нотижорат ташкилотларига, айниқса, Бош қомусимизда жамоат бирлашмалари сифатида қайд этилган касаба уюшмаларига бўлган алоҳида эътибори натижасида мамлакатимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи ҳамда «11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни» байрам сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Нукус шаҳридаги файзли ўринларнинг бирида 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни муносабати билан Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бирлашган қўмитаси томонидан байрам тадбири ташкил этилди.

Унда тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, нуронийлар, шаҳар ва туманлардаги маданият, спорт ва туризм соҳалари ҳамда ёшлар ишлари агентликлари ходимлари касаба уюшмалари ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар касаба уюшмалари томонидан корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларни, айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар учун яратилган имконият ва имтиёзлар, ишчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этди.

Таъкидланганидек, бу йил юртимизда меҳнаткашларнинг ҳақиқий байрами – касаба уюшмалари фаолиятининг 120 йиллиги ҳамда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни юксак шоду хуррамлик ва кўтаринки руҳда нишонланмоқда.

Тадбир давомида касаба уюшмалари фаоллари, нуронийлар ва ёшлар бирлашган қўмитанинг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Байрам тадбирида иштирокчилар дастурхон атрофида ўзаро суҳбатлашиб,  тажриба алмашиш имкониятига эга бўлди.

Тадбир санъат усталари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги