Тоғ-кон саноати йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича англашув меморандуми имзоланди
Тоғ-кон саноати ва геология соҳаси мамлакат иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутади. Минерал хомашё базасини мустаҳкамлаш, табиий бойликларни самарали ўзлаштириш ҳамда қайта ишлаш жараёнларига илғор технологияларни жорий этиш соҳани янги босқичга олиб чиқмоқда.
Мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, етакчи хорижий компаниялар билан тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳам устувор вазифалардан бири саналади.
Шу маънода, “China Coal Resources Development Group” компанияси раҳбари бошчилигидаги делегация билан бўлиб ўтган учрашув соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Унда тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобир Исломов ҳамда вазирлик масъул ходимлари “China Coal Resources Development Group” компанияси раҳбари Лю Гошен бошчилигидаги делегация ҳамкорлик истиқболлари хусусида сўз юритди.
Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш нафақат кўмир саноати, балки бутун кончилик соҳасининг ривожига хизмат қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, бунда энергия самарадорлигини ошириш, экологик барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш ҳамда кадрлар салоҳиятини юксалтириш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Учрашувда “China Coal Resources Development Group” билан ҳамкорликда кўмир қазиб чиқариш ва қайта ишлашда замонавий технологиялар асосида самарадорликни ошириш, инновациялар ва трансформация бўйича илғор технологияларни соҳага татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва келгусидаги алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан англашув меморандумини имзолади.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, имзоланган англашув меморандуми Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Шунингдек, у келгусида кончилик соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳамда минерал ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга замин яратади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА