Дунёдаги энг катта рўйхатга олиш тадбири қаерда ўтказилган?
Юртимизда “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.
Бундан мақсад мамлакатимиз ривожи истиқболларини баҳолаш тизимини яратиш учун зарур маълумотлар базаларини шакллантиришдан иборат. Яъни, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш мамлакатдаги аҳоли сони, унинг жинсий ва ёш таркиби, ижтимоий ҳолати, бандлик даражаси, таълим ва турмуш даражаси ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот йиғишда муҳим ўрин тутади.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигидаги ер майдонлари, ҳайвон зоти ва сони, деҳқон ва фермер хўжаликлари сони, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича аниқ статистик маълумотлар тўпланади. Бунда 26 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг фойдаланиш ҳолати ўрганилади. Чорва моллари ва паррандалар сони аниқланади. Шу орқали соҳага йўналтирилаётган бюджет маблағларининг самарадорлиги аниқланади.
Қолаверса, ушбу тадбир озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам алоҳида аҳамият касб этиб, тўпланган маълумотлар асосида бу борада қандай зарур чораларни кўриш кераклиги аниқлаб олинади.
Халқаро тажрибага эътибор қаратадиган бўлсак, дунёдаги энг катта рўйхатга олиш тадбири Хитойда бўлгани айтилади. Чунки Хитой энг кўп аҳолига эга давлат сифатида аҳолини рўйхатга олишга алоҳида эътибор қаратади. Маълумотларга кўра, Хитойда биринчи аҳолини рўйхатга олиш 1953 йилда ўтказилган. Энг сўнгги рўйхатга олиш тадбири эса 2020 йилда амалга оширилган ва у дунёдаги энг йирик статистика тадбири сифатида тарихда қолган.
Хитойда аҳолини рўйхатга олиш давомида миллионлаб рўйхатга олувчилар ҳар бир уйни айланиб, маълумот йиғишган. 2020 йилги аҳолини рўйхатга олишда эса Хитой бир қатор инновацион ёндашувларни қўллаган.
Мамлакатимизда ҳам ушбу тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирида барча ташкилот ва идоралар фаол иштирок этади. Жумладан, «маҳалла еттилиги» тизимида ишловчи ходимларнинг ушбу тадбирдаги иштироки алоҳида аҳамиятга эга.
Айни кунларда ушбу муҳим тадбирга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида вилоятлар статистика бошқармалари ҳамда туман-шаҳар статистика бўлимлари томонидан жойларда рўйхатга олувчи ходимларни тайёрлайдиган мураббийлар учун ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда. Семинарлар давомида иштирокчиларга Президент фармонининг мазмун-моҳияти, рўйхатга олиш жараёнининг босқичлари ва унинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда. Шунингдек, рўйхатга олишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари, электрон саволномаларни тўлдириш қоидалари ва ахборот хавфсизлигига оид мавзулар бўйича ҳам амалий тавсиялар тақдим этилмоқда.
Қайд этиш керакки, бу каби амалий ўқув-семинарлар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнини самарали ташкил этиш, уни халқаро стандартлар талаблари асосида амалга оширишга хизмат қилади. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг рўйхатга олиниши эса мамлакатимизнинг келгуси равнақига хизмат қиладиган истиқболли режаларни тузиб олиш имконини беради.
Муҳтарама Комилова, ЎзА