Жамоамиз кубок ғолиби

91

Нукус шаҳрида футбол бўйича катталар ўртасида «Кубок эгалари кубоги» республика турнири бўлиб ўтди.

Тўрт кун давом этган ушбу турнирда мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларидан 9 та жамоа иштирок этди. Ушбу нуфузли мусобақада республикамиз номидан Қорақалпоғистон кубогининг бу йилги ғолиби бўлган Ички ишлар вазирлигининг «МВД» жамоаси иштирок этиб, гуруҳ босқичи ва ярим финал ўйинларини кўтаринки руҳда якунлади.

Хусусан, жамоамиз футболчилари гуруҳ босқичида Олмалиқнинг «ОКМК» ва Самарқанднинг «Каттақўрғон» жамоаларини енгиб, ярим финалда «Зиёкор» клубини 3:1 ҳисобида ортда қолдиришга эришди.

Турнирнинг финал баҳсида эса, Фарғона вилоятининг «Яйпан» клубини 4:3 ҳисобида мағлуб этиб, кубок соҳибига айланди.

Турнир якунида бир қатор номинациялар бўйича энг яхшилар аниқланиб, унда «Яйпан» дарвозабони Мирзоҳид Жалилов «Энг яхши дарвозабон,» «МВД»  футболчилари Улуғбек Қодирбердиев «Энг яхши ҳимоячи,» Амир Абдразиев «Энг яхши тўп урар,» «Яйпан»нинг яна аъзоси Абдувосидхон Абдурашидов «Энг яхши футболчи» деб топилди.

Мусобақа якунида ғолиб жамоаларга ташкилотчилар томонидан тайёрланган кубок ва эсдалик совғалари топширилди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси