Шаҳарсозликда инновацион технологиялардан фойдаланиш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастр лойиҳа илмий-тадқиқот институти ва Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида Нукус шаҳри Ёшлар марказида «Шаҳарсозлик фаолиятида инновацион технологияларнинг қўлланилиши» мавзусида ҳудудий кўргазма ва илмий-амалий семинар ўтказилди.
Унда шаҳарсозлик соҳасига оид идора ва ташкилотлар, корхоналарнинг вакиллари иштирок этди.
Унда «O‘zGASHKLITI» институти бош директори Й.Магрупов, «RIA INFORM SERVICE» директори Т.Бессмертний, Техник сиёсат ва ахборот таъминоти департаменти директори А.Примов ва бошқалар «Шаҳарсозлик фаолиятида бинолар, иншоотлар ва инфратузилмаларни лойиҳалаш, қуриш, улардан фойдаланиш масалаларини ҳал этишда замонавий геоахборот таъминоти технологиялари,» «Қурилиш соҳасида инновацион технологиялар ва уларнинг аҳамияти,» «Шаҳарсозлик фаолиятини геоахборот билан таъминлашда марказлашган топографик маълумотлар базасининг аҳамияти» каби мавзулар бўйича маъруза қилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда шаҳарсозлик соҳаси бутун дунёда жадал ривожланмоқда. Илғор давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, инновация ва рақамли технологияларсиз замонавий шаҳар муҳитини яратиб бўлмайди. Геоахборот тизимлари, BIM моделлаштириш, учувчисиз дронлар, энергия тежамкор материаллар – буларнинг барчаси янги авлод шаҳарларининг асосий пойдеворига айланмоқда.
Ҳукуматимиз томонидан соҳани рақамлаштириш, қурилиш сифати назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йил 12 февралда Вазирлар Маҳкамасининг «Шаҳарсозлик фаолиятини геоахборот билан таъминлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан қурилиши якунланган объектларда ижрочи топографик съёмкаларнинг мажбурий бажарилиши белгиланди. Ижро топографик съёмкалари бажарилмаган объектлар эксплуатацияга қабул қилинмаслиги белгилаб қўйилди.
Идоравий бўйсунуви ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча ташкилот ва корхоналар томонидан амалга оширилган йирик масштабли топографик суратлар «топография» маълумотлар базасига киритилиши, акс ҳолда ушбу топографик суратлардан фойдаланилган ишчи лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.
Бу, аввало, бажарилаётган топографик ишларни тартибга солиш билан бир қаторда, ишларнинг сифатини оширишга, қурилган объектларнинг лойиҳага мувофиқ бажарилган ёки бажарилмаганлигини аниқлашга хизмат қилиб, бинони эксплуатация қилиш жараёнида юзага келадиган муаммоларни, айниқса, янги қурилишлар жараёнида коммуникация тармоқларининг узилиши, ноқонуний қурилишлар каби муаммоларни, коммуникация тармоқларининг муҳофаза зоналарида объектларнинг қурилишини бартараф этади.
Тадбиркорлик субъектларини коммуникация тармоқларига улаш ёки ҳудуднинг ривожланиш истиқболларини режалаштириш каби шаҳарсозлик масалаларини ҳал этишда асосланган тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини беради.
– Семинаримиз мақсади – жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб янги технологиялардан тўғри фойдаланиш, учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиб ерларни мониторинг қилиш ва бу аппаратларни сунъий интеллектга интеграциялаш, ҳозирги лойиҳачи ходимларга жаҳон тажрибасида лойиҳалашни кўрсатиш. Жаҳон тажрибасида бугунги кунда сифат ва тезликни оширишга хизмат қиладиган учувчисиз учиш аппарати кенг жорий этилган. У орқали олинган маълумотни 3D моделда қайта ишлаш орқали илгари 2-3 ой давомида бажарилган ишлар бугунги кунда бир ҳафта ёки ўн кунда якунланади, – дейди «O‘zGASHKLITI» институти бўлим бошлиғи Муродбек Мирхайдаров. – Институтимиз томонидан Қорақалпоғистонда жуда кўп лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, Қўнғиротда 85 минг гектар ҳудудда шамол электр станциялари қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу экологик тоза маҳсулот олишга, ҳаво ифлосланишининг олдини олишга хизмат қилади.
Тадбир ҳудудий ихтисослаштирилган кўргазма билан давом этди. Унда шаҳарсозлик соҳасида қўлланиладиган замонавий асбоб-ускуналар, қурилиш материаллари, геодезия ва муҳандислик ечимлари, шунингдек, энергия тежамкор технологиялар йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

– Шаҳарсозликда инновацион технологиялардан фойдаланиш бўйича семинар ва кўргазма бўлиб ўтмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари, бош архитектор Азамат Уразимбетов. – Сўнгги йилларда республикамиз ҳудудида олиб борилаётган қурилиш ишларида энг сўнгги русумдаги инновацион технологиялардан фойдаланишни амалга ошириш бугунги кунда замон талабига айланди. Шаҳарсозликда топография, геодезия ишларини олиб боришда фойдаланиладиган шундай технологиялар кўргазмамиздан ўрин олган. Бугунги тадбир республикамизда олиб борилаётган қурилиш ишларида энг сўнгги инновацион технологиялардан фойдаланишни жорий этишга ва бу орқали қурилишнинг сифати, суръатини оширишга туртки бўлади, деб ҳисоблаймиз.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги