Нукус туманида «Оқманғит Турист» халқ сайилгоҳи қурилади

Сўнгги йилларда ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга алоҳида эътибори билан барча соҳаларда кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу борада мамлакатимиз туризм салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим ташаббуслар кўтарилиб, янги имкониятлар ишга солинмоқда.
Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берилган топшириқларга асосан Дўстлик каналининг Нукус тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида янги лойиҳа қурилиши бошланиш арафасида турибди.
Умумий баҳоси 101 млрд. сўм, шундан 45 млрд. сўм бюджет маблағлари, 56 млрд. сўм инвесторлар маблағлари ҳисобидан қуриладиган лойиҳа доирасида канал бўйида «Оқманғит Турист» халқ сайилгоҳи ташкил этилиши режалаштирилган. Унда 24/7 тарзда хизмат кўрсатувчи ва кўнгилочар масканлар, канат йўли, аквапарклар, болалар майдончалари, дам олиш ва савдо жойлари, зоопарк, отчопар майдони, жойлаштирилиши белгиланган.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги