Президентимиз фармон ва қарорларининг мазмун-моҳияти халққа етказилмоқда

63

 

Мўйноқ туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишида қабул қилинган фармон ва қарорлари асосида берилаётган имконият ва имтиёзларни аҳолига етказиш бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Унда туман ҳокими, ўринбосарлари, туман ҳудудидаги фермерлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, маҳалла еттилиги, идора ва ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда Президентимиз томонидан қабул қилинган Қорақалпоғистон Республикаси учун муҳим қарорлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги «Қорақалпоғистон Республикасида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига Ёшлар ижтимоий-иқтисодий марказини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Қорақалпоғистон Республикасида тузни қайта ишлашни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «Чорвачилик озуқа базасини яхшилаш ва қишлоқ хўжалигидаги мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларининг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди.

Шу мазмундаги учрашув Шуманай туманида ҳам ўтказилиб, унда туман ҳокими, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, ҳоким ўринбосарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари, шунингдек, туман миқёсидаги барча ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирок этди. Йиғилиш давомида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти тўлиқ тушунтирилиб, яратилган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, қарорлар ижросини самарали таъминлаш, уларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида маҳаллалар, жамоатчилик ва тегишли ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қонликўл туманида маҳалла еттилиги аъзолари, маҳаллалардаги фаол нуронийлар, кўча раислари, хотин-қизлар ва фаол ёшлар, фермер хўжалиги раҳбарлари ҳамда тумандаги барча ташкилот ва муассаса раҳбарлари иштирокида ўтказилган шундай учрашувда ҳам Президент қарорларининг мазмун-моҳияти аҳолига етказилиб, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда туман ҳокими ва бошқалар Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси учун берилаётган имкониятлар аввало Ўзбекистон Республикаси Президентининг доимий эътибори ва амалий ташаббуслари натижаси эканини таъкидлади.

Тадбир якунида қарорларда белгиланган вазифаларни жойларда самарали амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Жойларда шу мазмундаги учрашувлар давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги