Кексалар туризм ойлигида нуронийлар билан саёҳатлар

Мамлакатимизда ноябрь ойи «Кексалар туризми ойлиги» муносабати билан бу ойда кексаларимизнинг дам олиш вақтларини қизиқарли ва мазмунли ташкил этиш, ҳудудлар бўйлаб ички туризм йўналишида саёҳатларга жалб этиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, «Нуроний» жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳомийлигида шу мақсадда Беруний туманидан 50 нафар нуроний отахон ва онахонлар учун Хоразм вилоятининг қадимий Хива шаҳрига саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида кексалар Хива шаҳрининг «Ичан қалъа» тарихий мажмуасидаги 1830-1838 йиллардаги «Тош ҳовли саройи,» «Ҳукмдор ва шоир» музейи, «Паҳлавон Маҳмуд» мақбараси, «Қайтармис ота» зиёратгоҳи ва янги барпо этилган Арда Хива билан танишди.



Улар учун маданий дастурлар ва дам олиш учун қулай шароитлар яратилди. Ташкил этилган ушбу саёҳат кексаларнинг дам олиши, тарихий ва маданий меросимиз билан яқиндан танишиши ҳамда уларга бўлган эътибор ва ҳурматнинг яна бир амалий кўриниши бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги