Қалам изларида қолган ҳаёт ҳақиқати

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими ва Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ташаббуси билан кўргазмалар саройида атоқли рассом, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги мукофот совриндори Қидирбай Сайипов таваллудининг 85 йиллигига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда санъатшунослар, рассомлар, маданият ходимлари, ёш истеъдодлар эгалари ҳамда рассомнинг оила аъзолари ва яқинлари иштирок этди.
Унда Қ. Сайиповнинг театрда бирга ишлаган ҳамкасб дўсти, Ўзбекистон халқ артисти, Бердақ номидаги мукофот совриндори, «Меҳнат шуҳрати,» «Эл-юрт ҳурмати,» «Дўстлик» орденлари соҳиби, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,» профессор Нажиматдин Ансатбаев, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Улбосин Утегенова, санъатшунос Айгул Пирназарова ва бошқалар сўзга чиқиб, Қидирбой Сайиповнинг ҳаёти ва бой ижодий меросини, унинг театр безаги, рангтасвир ва графикадаги ишларини, умуман Қорақалпоғистон тасвирий санъатидаги тутган ўрнини катта ҳурмат билан таъкидлади.
Айниқса, унинг Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида бош рассом сифатидаги сермаҳсул хизмати ҳурмат билан тилга олинди.
Маълумот учун айтиб ўтадиган бўлсак, Қидирбой Сайипов 1939 йили Чимбой туманида туғилиб, 1952-1957 йиллари Тошкент шаҳридаги П.Беньков номидаги рассомлик санъати билим юртининг рангтасвир бўлимида ўқийди. Билим юртини битириб келиб, меҳнат фаолиятини Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида рассом-постановкачи бўлиб ишлашдан бошлайди.
1958 йили театрнинг бош рассоми лавозимига тайинланади. 1961-1963 йиллари Қорақалпоғистон рассомлар уюшмасининг масъул котиби, 1965 йилдан умрининг охиригача (1972) рассомлар уюшмасининг раиси лавозимларини тенг олиб боради.
У 1957 йилдан ўз умрини театрга бағишлади. Хусусан, истеъдодли рассом «Бахт,» «Бердақ,» «Ойгул-Обод,» «Яйловда тўй,» «Оқ гул,» «Куюнчак кўзли ёр,» «Адашган ўғил,» «Қадрдон доктор,» «Ёш юраклар,» «Алпомиш,» «Талвас,» «Тобутдан чиққан овоз,» «Қудағай келди,» «Қизлар ҳазили,» «Икки бойга бир малай,» «Қорақалпоқ қизи,» «Актрисанинг иқболи,» «Навоий Астрабатда,» «Отелло» ва бошқа бир қанча спектаклларнинг безак ишларини юқори савияда олиб боради.
Қ.Сайпов турмуш ўртоғи истеъдодли актриса Заўре Сайипова билан 3 қиз ва бир ўғилни дунёга келтирди. Рассом 1972 йили 33 ёшида вафот этади.
Қидирбой Сайипов – қорақалпоқ тасвирий санъатининг асосини солган рассомлардан бири. Унинг яратган асарлари қорақалпоқ миллий тасвирий санъатига асос солишга хизмат қилмоқда.
Конференцияда санъатшунослар, рассомлар, маданият ходимлари ва ёш истеъдодлар йиғилиб, рассомнинг асарлари ва ижодий йўли ҳақида маърузалар қилди.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси