Касаба уюшмаси спартакиадаси ўтказилди

64

Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида 11 ноябрь «Ўзбекистон касаба уюшмаси куни» муносабати билан спортнинг мини футбол, волейбол ва стол тенниси турларидан Касаба уюшмаси спартакиадаси бўлиб ўтди.

Мусобақада республикамизнинг барча шаҳар ва туманлари спорт мактабларида ишловчи ходимлар иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро беллашди.

Қизиқарли ўтган мусобақа якунида стол тенниси бўйича қизлар ўртасида Г.Жалғасбаева биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, эркаклар ўртасида М.Ражабов мусобақа ғолибига айланди.

Мини футбол бўйича ўтказилган мусобақада эса Қорақалпоғистон Республикаси футбол академияси жамоаси биринчи, Нукус шаҳридаги 2-сонли спорт мактаби иккинчи ва Нукус тумани спорт мактаби жамоаси фахрли учинчи ўринларни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Волейбол бўйича ўтказилган мусобақада ғолиблик Республика спортининг ўйин турлари ва енгил атлетика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабига насиб этди.

Мусобақада фаоллик кўрсатган Беруний тумани спорт мактаби ҳамда Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактаби жамоалари эса кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.

Мусобақа якунида ғолиблар ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси