Талаба шифохонадаги кутиш муаммосига инновацион ечим топди

67

Ҳозирги кунда соғлиқни сақлаш тизимида энг долзарб муаммолардан бири шифохоналарда навбат кутиш масаласидир. Аҳолининг катта қисми тиббий кўрикдан ўтишда ёки оддий диагностика жараёнларида кўп вақтини сарфлайди. Айнан шу муаммони ечиш мақсадида Турин политехника университети магистри Асадбек Ўринов томонидан ишлаб чиқилган “Body Tester” номли инновацион лойиҳа долзарб ечим сифатида илгари сурилди.

Мазкур ишланма “Ўзбек олимларининг инновацион ғоялари” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, Савдо-саноат палатаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Фанлар академияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳа мамлакатимизда ёш олимларнинг ғояларини амалиётга жорий этиш, илм-фан натижаларини реал иқтисодий фойдага айлантиришга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда аҳоли кўплаб шифохоналарда оддий кўрикдан ўтиш ва диагностика учун соатлаб навбатда туришга мажбур. Қолаверса, беморнинг тиббий маълумотлари қоғоз шаклида тақдим этилиб, бу омиллар бир неча ноқулайликларга сабаб бўлади. Бу нафақат вақт йўқотиш, балки тиббиёт ходимларининг ортиқча бандлигига ҳам сабаб бўлади. “Body Tester” лойиҳасининг асосий ғояси ушбу жараённи автоматлаштириш, беморнинг танавий ҳолатини қисқа вақт ичида таҳлил қилиб, дастлабки маълумотларни уларга электрон етказиб беришдан иборат.

Асадбек Ўриновнинг мазкур ташаббуси нафақат тиббиёт соҳасидаги муаммони ҳал этишга, балки фан ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Чунки лойиҳа натижаси сифатида яратилган қурилмани ишлаб чиқариш, уни соғлиқни сақлаш муассасаларига етказиш ва техник хизмат кўрсатиш учун хусусий сектор билан ҳамкорлик зарур.

Бу борада “Ўзбек олимларининг инновацион ғоялари” лойиҳаси ёш тадқиқотчиларга техник, ҳуқуқий ва молиявий кўмак кўрсатмоқда. Уларнинг ишланмалари тижоратлаштириш босқичига чиқарилиб, маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар эътиборига ҳавола этилмоқда.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзА