«Мурувват уйи» аёллари қўл меҳнати ярмаркаси бўлиб ўтди

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида Нукус шаҳридаги «Мурувват» интернат уйида яшовчи ногиронлиги бўлган аёллар томонидан яратилган қўл меҳнати ярмаркаси бўлиб ўтди. Мазкур ярмаркада бошқарма ва пост инспектори ходимлари ҳамда ташқи иқтисодий фаолият юритувчи тадбиркорлар иштирок этди.
Ярмаркада «Мурувват уйи» аёл-қизлари томонидан тикилган каштачилик ишлари, миллий нақшлар, безакли буюмлар ва турли қўл меҳнати намуналари намойиш этилди.
Ушбу безатилган буюмлар – барчаси меҳр, сабр ва ижод билан яратилган бўлиб, аёлларнинг бунёдкорлиги, меҳнатсеварлиги ва миллий қадриятларга бўлган садоқатини яна бир бор намоён этди.
Бундай тадбирлар жамиятимизда хотин-қизларга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада ошириш, уларни ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш борасида муҳим аҳамият касб этади.
Ярмаркадан тушган маблағ «Мурувват уйи» моддий базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, у ердаги хотин-қизлар ва тарбияланувчиларнинг янги ижодий ишларини амалга оширишга туртки бўлади.

Божхона ходимлари ва тадбир иштирокчилари ушбу эзгу ишга ўз ҳиссаларини қўшиб, хотин-қизлар ижодини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлашга ҳаракат қилди. Улар томонидан харид қилинган ҳар бир асар – нафақат совға, балки меҳр ва эътироф тимсолига айланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги