Божхона бошқармасида «Китоб ярмаркаси» бўлиб ўтди

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида маънавият ва китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш мақсадида «Китоб ярмаркаси» ташкил этилди.
Ушбу тадбир ходимлар ўртасида китоб ўқишга бўлган қизиқишни ошириш, маънавий бойлик ва билим доирасини кенгайтириш, шунингдек, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган.
Ярмаркада турли нашриётлар томонидан чоп этилган бадиий, илмий, тарихий ва маърифий йўналишдаги китоблар кенг танловда тақдим этилди. Ходимлар ўзларига ёққан асарларни харид қилиш, тавсиялар олиш ва бир-бири билан ўқиган китоблари ҳақида фикр алмашиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, мухлислар ва китобхон ходимлар томонидан харид қилинган китоблар бошқарма кутубхонасига ўз номидан эсдалик сифатида топширилди.
Ярмаркада таъкидланганидек, китоб – инсон тафаккури, маънавий камолот ва илм-фан манбаи бўлиб, у ҳар бир ходимнинг ҳаётида доимий ҳамроҳга айланиши зарур.
«Китоб ярмаркаси» нафақат савдо тадбири, балки маънавий-маърифий учрашув, фикр алмашиш ва китобга бўлган меҳрни янада мустаҳкамловчи яхши анъанага айланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги