Боксчимиз Ар-Риёдта чемпион бўлди

Айни кунларда кўпчилик спорт мухлисларининг эътибори Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказилаётган VI Ислом бирдамлик ўйинларига қаратилган.
Бу ерда спортнинг кўплаб турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, унда мамлакатимиз спорт делегацияси муваффақиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида медаллар жамғариш бўйича Туркиядан кейин иккинчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Қувонарлиси, ушбу мусобақада бокс бўйича -60 кг вазнда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этаётган Мадияр Данияров олтин медаль соҳибига айланди.
Хусусан, боксчимиз чорак финалда ливиялик Муайид Окашаҳни иккинчи раундда техник нокаутга учратган бўлса, ярим финалда эронлик Даниял Шаҳбахшни 4:1 ҳисобида енгиб, финал йўлланмасини қўлга киритди.

Чемпионлик учун ўтказилиши керак бўлган финал беллашувида эса озарбайжонлик Маҳаммадали Гасимзода курашдан бош тортиб, ғалаба Мадияр Данияровга берилди ва юртдошимиз VI Ислом бирдамлик ўйинлари чемпиони унвонига сазовор бўлди.
Ўз навбатида, биз юртимиз фахри Мадияр Данияровни, унинг устозлари ва ота-онасини ушбу муваффақияти билан самимий табриклаб, келгуси мусобақаларда ҳам чемпионликни қўлга киритаверишига тилакдошмиз.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси