Давлатимизнинг юксак мукофотлари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент давлат тиббиёт университетига ташриф буюриб, мамлакатимиз тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашув ўтказди.
Ўтказилган учрашувда Нукус шаҳридан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев, Вазирлар Кенгашининг Раиси Фарҳод Эрманов ва бир гуруҳ соҳа вакиллари видеоалоқа орқали иштирок этди.
Учрашув аввалида Президентимизнинг «Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларининг бир гуруҳини тақдирлаш тўғрисида»ги фармони билан республикамиз бўйича тақдирланган соҳа вакилларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев давлат мукофотларини топширди.

– 35 йилдан буён шу соҳада фаолият юритиб келаман, – дейди Беруний туман тиббиёт бирлашмасининг чақалоқлар бўлими мудири Эркинай Маримова. – Шу йиллар ичида туманимизда қанчадан-қанча чақолоқлар дунёга келиб, уларнинг қувончига шерик бўлиш насиб этди. Менинг озми-кўпми қилган меҳнатим инобатга олиниб, Президентимизнинг махсус фармони асосида «Соғлом турмуш» медали билан тақдирланяпман. Бунинг учун соҳа раҳбарларига, муҳтарам Юртбошимизга катта раҳмат айтаман.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари билан учрашув ўтказилиб, унда тизимдаги ислоҳотлар натижадорлиги ва келгуси йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги