Сув тежовчи технологиялар учун субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилмоқда

Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманлари ҳокимликларида Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари томонидан кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, қурувчи-пудрат корхоналар вакиллари иштирокида сув тежовчи технологияларни жорий этиш масалалари кенг муҳока этилди.
Тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Юсупов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг масъул ходими Н.Худайбердиев ҳамда туман ҳокимларининг ўринбосарлари тегишли қарорлар асосида сув тежовчи технологияларни жорий қилган фермерларга субсидия ҳамда банкларда имтиёзли кредитлар ажратилаётгани, сув тежовчи технологияларининг афзалликларини кенг тушунтирдилар.
Шунингдек, келгуси йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш учун “suvkredit.uz” электрон тизими орқали аризалар киритиш тартиблари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Тадбирларда замонавий инновацион суғориш технологиялари (қуёш панеллари орқали кўчма сув етказиб берувчи суғориш тизими) билан яқиндан таништирилди.



Тадбирлар доирасида Сув хўжалиги масъуллари ҳамда сув тежовчи технологияларини жорий этиш истагини билдирган фермер хўжаликлари, қурувчи ташкилотлар вакиллари билан очиқ мулоқотлар ҳам ташкил этилди. Унда тежамкор технологияларни жорий этишда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Иштирокчилар сув тежовчи технологияларини жорий этиш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олишди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги