Ўзбекистон – Америка: стратегик шерикликнинг янги йўналишлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 4 – 6 ноябрь куни амалий ташриф билан Вашингтон шаҳрида бўлди.
Давлатимиз раҳбари 6 ноябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “С5+1” форматидаги саммити тадбирлари доирасида бир қатор нуфузли делегациялар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва йирик компаниялар етакчиларини қабул қилди.
АҚШ Экспорт-импорт банки раҳбари Жон Йованович билан учрашувда ушбу нуфузли институт билан тайёрланган қўшма дастур асосида энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, АТ ва бошқа устувор йўналишлардаги йирик лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Эксимбанк ҳукуматнинг расмий экспорт-кредит агентлиги бўлиб, АҚШ компанияларининг ташқи иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлайди ҳамда уларга суғурта, кафолат ва кредит воситаларини тақдим этади.
Эксимбанкнинг мамлакатимиз авиапаркини модернизация қилиш ва “Boeing” самолётларини етказиб беришдаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди. Амалий ҳамкорликни давом эттириш ва Узоқ муддатли шериклик режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда АҚШ Эксимбанки ўртасида имзоланган Қўшма лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисидаги битим алмашилди.
АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош директори Бен Блэк билан учрашувда олий даражадаги фаол мулоқотлар ва савдо-инвестициявий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Энергетика, муҳим минераллар, молия, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва АТ соҳаларида йирик қўшма ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда.
Амалий шерикликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма инвестиция платформасини яратишни жадаллаштириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Тошкент шаҳрида корпорациянинг минтақавий офисини очиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари корпорациянинг инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда давлат-хусусий шериклик асосида иштирок этиши муҳимлигини таъкидлади.
DFC – АҚШнинг миллий ривожланиш институти бўлиб, ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш учун хусусий капитални сафарбар қилиш билан шуғулланади.
“General Motors International” компаниясининг глобал ижрочи директори Шилпан Амин билан учрашувда ушбу корпорация билан узоқ муддатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Компаниянинг мамлакатимиз автомобиль саноатини ривожлантириш ва диверсификация қилишдаги муҳим ўрни қайд этилди.
Сўнгги 5 йил ичида компания томонидан 1,6 миллион дона автомобиль ишлаб чиқарилди, Ўзбекистон “Chevrolet” бренди учун АҚШдан кейин иккинчи йирик бозорга ҳамда Марказий Осиё ва МДҲ бозорларида сотувлар бўйича етакчига айланди.
Ишлаб чиқариш кооперациясини янада ривожлантириш, маҳсулотлар турини кенгайтириш ва маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Замонавий машинасозликда талаб юқори бўлган янги технологиялар ва хомашё ресурслари соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Америка Қўшма Штатлари савдо вазири Ховард Латник билан учрашувда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Кўп қиррали Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 4 баробар кўпайиб, қарийб 1 миллиард долларга етди. Ўзбекистонда АҚШнинг 300 дан ортиқ компанияси муваффақиятли фаолият юритмоқда, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва инновация соҳаларида қатор йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликнинг самарали механизмларини яратиш, шунингдек, Мувофиқлаштирувчи кенгаш таъсис этишдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. АҚШдан соя ва пахта етказиб бериш, шунингдек, Американинг илғор томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича дастлабки шартномалар тузилган.
Музокаралар якунида қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция платформасини яратиш орқали амалий ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди.
АҚШнинг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молия институтлари вакиллари билан ўтказилган давра суҳбатида АҚШ савдо вазири Ховард Латник, Президентнинг махсус ёрдамчиси Рикки Гил, Президентнинг махсус вакили Паоло Замполли, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Стивен Ваден, шунингдек, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раҳбарлари, “Traxys”, “FLSmidth”, “BCG ”, “Meta”, “Google”, “Amazon”, “Boeing”, “Air Products”, “Axiom Space”, “Cove Capital”, “Freeport-McMoRan”, “Orion CMC”, “Cargill Cotton”, “John Deere”, “Honeywell”, “Valmont Industries”, “Flowserve Corporation” каби йирик корпорация ва компанияларнинг юқори даражадаги менежерлари иштирок этди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон етакчиси сўнгги 8 йил ичида АҚШ билан товар айирбошлаш ҳажми 4 баробар ошгани, мамлакатимизда АҚШнинг 300 дан ортиқ компанияси муваффақиятли фаолият юритаётганини таъкидлади.
Президентимиз ҳамкорликнинг бугунги даражаси биргаликдаги ишларга кенг истиқбол очадиган янги босқичнинг бошланиши эканини алоҳида таъкидлади. АҚШ Президенти Дональд Трамп билан бўлажак учрашувда иқтисодий ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари ва янги қўшма ташаббуслар муҳокама қилиниши қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.
2030 йилга бориб Ўзбекистонда 18-20 гигаваттлик қайта тикланувчи қувватларга эга янги энергетика тизими яратилади, электр энергиясининг ярмидан кўпи қуёш ва шамол энергияси ҳисобидан ишлаб чиқарилади.
Шу маънода, Ўзбекистон ва АҚШ уран, мис, вольфрам, молибден ва графит қазиб олиш ҳамда чуқур қайта ишлашни ривожлантиради. Ишончли етказиб бериш занжирларини яратиш ва АҚШнинг илғор қайта ишлаш технологияларини жорий этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, автомобиль ва темир йўллар, терминаллар ва аэропортларни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда. 2030 йилгача транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга 12 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтириш режалаштирилган.
АҚШнинг “Google”, “Meta”, “NVIDIA” компаниялари билан рақамли ҳамкорлик кенгаймоқда. Apple Pay ва Google Pay тўлов тизимларини жорий этиш, Рақамли академия ва стартап-хаблар тармоғини яратиш шулар жумласидан.
Бундай лойиҳаларни илгари суриш ва молиявий қўллаб-қувватлаш учун DFC корпорацияси ҳамда АҚШ Эксимбанки жалб қилиниши айтилди.
Якунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ компанияларининг инвестиция ташаббусларини шахсан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун ишончли ҳамкор ва муваффақият кафолати бўлиб қолишини таъкидлади.
АҚШнинг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан ўтказилган давра суҳбати якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ савдо вазири Ховард Латник иштирокида икки томонлама битимларни алмашиш маросими бўлди.
Хусусан, қуйидаги ҳужжатлар имзоланган:
– Геология вазирлиги ва “Denali Exploration group” компанияси ўртасида нодир ер элементларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда “Re Element Technologies” компанияси ўртасида нодир металлар соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Flowserve” компанияси ўртасида насос станцияларини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Valmont Industries Inc” компанияси ўртасида сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш тўғрисида битим;
– Рақамли технологиялар вазирлиги ва “Palo Alto Networks” компанияси ўртасида сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида битим;
– “Uzairways” ва “Boeing” компаниялари ўртасида самолётларни етказиб бериш бўйича шартнома;
– “Datacrop” ва “Luis Dreyfus Company” компаниялари ўртасида соя дуккаклари ва шрот етказиб бериш бўйича шартнома;
– “Ўзсаноатэкспорт” ва “Cargill” компанияси ўртасида пахта етказиб бериш бўйича шартнома.
ЎзА