Trend.Az: Ўзбекистон C5+1 саммити арафасида АҚШ билан иқтисодий ҳамкорликни кучайтирди

79

Озарбайжоннинг «Тренд» ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган мақолада ёзилишича, Марказий Осиёда глобал кучлар ўз позицияларини мустаҳкамлаётган бир пайт Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва АҚШ иштирокидаги C5+1 формати хавфсизлик, инвестиция ва барқарор ривожланиш бўйича мулоқотни чуқурлаштираётган муҳим майдонга айланди. Шу маънода 6 ноябрь куни Вашингтонда ўтадиган навбатдаги саммит бу ҳамкорликни янги босқичга кўтариши кутилмоқда.

Манба Ўзбекистон учун саммит стратегик аҳамият касб этиши, мамлакат АҚШ билан яқин ҳамкор мақомини мустаҳкамлаш, инвестиция жалб қилиш ва халқаро майдондаги таъсирини оширишни мақсад қилганига алоҳида тўхталган:

– Тошкент ва Вашингтон аллақачон инновация ва энергетика бўйича ҳамкорликни ривожлантириш йўлида дадил қадамлар қўйган: «Schlumberger», «Baker Hughes» ва «Air Products» иштирокида газ-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва тоза энергия ечимларини жорий этишга қаратилган тахминан 4 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунингдек, муҳим фойдали қазилмаларни қидириш ва қайта ишлаш бўйича меморандум имзоланиб, глобал энергияга ўтиш шарт-шароитида шериклик жадал ривожланяпти.

Тошкент позицияси сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи давомида янада мустаҳкамланди: “Ўзбекистон ҳаво йўллари” билан «Boeing» ўртасида 22 та «Boeing-787 Dreamliner» етказиб беришни назарда тутувчи 8 миллиард долларлик келишув эълон қилинди. Мутахассислар бу лойиҳани Тошкентнинг минтақавий авиация маркази сифатидаги мавқеини кучайтирувчи омил, қолаверса Европа ва Шимолий Америкага тўғридан-тўғри рейслар учун платформа сифатида баҳоламоқда.

«Trend.Az» бўлажак саммитда инфратузилма ва энергетика лойиҳалари, рақамли интеграция, минтақавий барқарорлик, шунингдек кибер ҳимоя масалалари кўтарилишини тахмин қиган. Ўзбекистон логистика, қайта тикланадиган энергия ва муҳим минераллар бўйича ташаббусларни илгари сураётгани, бу соҳалар мамлакат ва минтақа иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилишига урғу берилган.

C5+1 АҚШ учун Марказий Осиёда иқтисодий таъсирни кучайтириш, жумладан “Яшил Ўзбекистон” дастури доирасида қуёш ва шамол лойиҳаларига компанияларни жалб этиш имкониятидир. Қўшма Штатларнинг Озарбайжондаги собиқ элчиси Метью Бризнинг фикрича, «инвестиция ва Америка компаниялари иштирокини дипломатия воситаси сифатида қўллаш C5+1 форматини ҳар икки томон учун манфаатли стратегик воситага айлантиради».

Хулоса ўрнида муаллиф Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳот ва технологик тараққиёт, таълим соҳасидаги ўсиш бир йўла қўллаб-қувватланаётган кўп қиррали стратегиясини эътироф этган. Бундай ёндашув Тошкент учун АҚШ билан мулоқотда бутун минтақа манфаатини ифодаловчи фаол мамлакат вазифасини бажариш масъулияти эканини таъкидлаган.

Абдуазиз Хидиров, ЎзА