Ар-Риёд шаҳрида кураш, бокс ва футзал баҳслари ўтказилади

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг расмий очилиш маросимига бир кун қолганда дастурга биноан айрим спорт турларида мусобақалар қизғин давом этмоқда.
Жумладан, футзалчилар аллақачон дастлабки ўйинларни ўтказган бўлса, бугун, 6 ноябрдан бокс бўйича бир қатор вазн тоифаларида саралаш мусобақалари ташкил этилади.

Бугун футзалчиларимиз Озарбайжон терма жамоаси билан 2-тур учрашувини ўтказади. Қуръа натижасига кўра, 3 нафар боксчимиз чорак финал жангида рингга чиқади.
Бугун шунингдек, Ислом бирдалиги ўйинларида миллий спорт туримиз бўйича кўргазмали мусобақалар ташкил этилади.
Кураш мусобақаларида эркаклар -66, -81 килограммда, аёллар -57 ва -70 кило оғирликда беллашади.

Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари Ризамат Солиев ва Дилфуза Раҳматова мураббийлигидаги 4 нафар спортчимиз кураш баҳсларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Эслатиб ўтамиз, 57 та мамлакатнинг 4 минг нафарга яқин спортчилари иштирокидаги Ислом бирдамлиги ўйинлари 21 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА