Даррен Спинк: C5+1 C5+3 шаклида кенгайиши мумкин

“Henry Jackson Society” таҳлилий маркази илмий ходими Даррен Спинк АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболи хусусидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
– Менимча, бу галги саммит Марказий Осиё билан бирга Жанубий Кавказнинг устуворлигини ҳам таъкидлайди. Яъни, C5+1 охир-оқибат C5+3 шаклига келиши, форматга Озарбайжон, Арманистон ва Грузия ҳам қўшилиши мумкин. Зеро, бу мамлакатлар Марказий Осиё давлатлари сингари Ўрта йўлакни ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллайди.

Иккинчидан, Америка миллий манфаати ва таъминот занжири хавфсизлиги учун Марказий Осиё ҳаётий аҳамиятга эгалиги тобора аёнлашмоқда. АҚШ Президенти кейинги уч йилда ушбу минтақа билан алоқаларни мустаҳкамлаш ниятини билдиради. Бунда аввалги маъмуриятлар тажрибасига таянилади. Яъни, шунчаки алоқаларни сақлаб қолиш эмас, балки шерикликни ривожлантириш учун аниқ қадамлар қўйилади. Айни ёндашув ўзаро фойдали – Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиёти ва сиёсий таъсирини мустаҳкамлайди, Қўшма Штатларга эса ўз стратегик манфаатини ҳимоялаш имконини беради.
Учинчи масала – транзит йўналишларини диверсификация қилиш нуқтаи назаридан Ўрта йўлакнинг аҳамиятини баҳолаш. Бу жараёнда нафақат давлат, балки хусусий сектордан ҳам сармоя жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Натижада муҳим минераллар бўйича мулоқотни ривожлантириш имкони пайдо бўлади ва Марказий Осиёда ҳам, Қўшма Штатларда ҳам иқтисодий ўсиш рағбатлантирилади.
АҚШ технология, инновация ва минерал қазиб олиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган соҳаларга ҳам сармоя киритади.
Ҳозир икки устувор йўналишни белгилаш мумкин. Биринчидан, ноёб ер элементлари ва муҳим минералларни қазиб олиш, қайта ишлаш. Иккинчидан, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш.
Бундан ташқари келажакда бож тартибини соддалаштиришга келишилиши ва эҳтимол Жексон-Вэник тузатиши бекор қилиниши мумкин.
Агар Президент Дональд Трамп ушбу эскирган қоида ўзгаришини очиқчасига қўллаб-қувватласа, бу муҳим қарор бўлар эди. Бинобарин, қарор ижро этувчи эмас, балки қонун чиқарувчи ҳокимиятга дахлдор. Шунинг учун кўп нарса Президентнинг Каспий минтақаси ҳақидаги қараши ва эски чекловни қайта кўриб чиқиш зарурлигини қўллаб-қувватлайдиган Конгресс раҳбарлари, хусусан Республикачилар партияси аъзолари позициясига боғлиқ.
Хуллас, Қўшма Штатлар Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ билан шериклик бўйича аниқ стратегия ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ. Бундай ҳужжат Америка саноати учун жуда муҳим ҳисобланган сармоя ва ноёб ер унсурлари хавфсиз транзитини назарда тутади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА