МИБ: оила яраштирилди

Қадриятларимизда оилани асраш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш эзгу амаллардан ҳисобланади. Бу борада Мажбурий ижро бюроси ходимлари алимент қарздорлигини ундириш билан бирга, ажрашган оилаларни яраштиришга ҳам ҳисса қўшмоқда.
Маҳалла ва жамоатчилик вакиллари, ҳаётий тажрибага эга нуронийлар, дин вакиллари ва бошқалар билан ҳамкорликда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судининг 2025 йил 22 январдаги ижро ҳужжатига кўра, Ж.Ж.дан собиқ турмуш ўртоғининг фойдасига, унинг тарбиясидаги уч нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун 18 миллион сўм миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Ушбу суд буйруғи асосида Мажбурий ижро бюроси Қонликўл туман бўлими давлат ижрочиси томонидан ижро иши қўзғатилди ва қарздорнинг яшаш манзилига ундириш мақсадида бир неча бор борилганида Қозоғистон Республикасига чиқиб кетганлиги аниқланиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Жорий йилнинг 17 октябрь куни Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси қидирув бўлими томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида қарздор Қонликўл туманидан топилиб, ажрашган оилани яраштириш мақсадида қарздор ва ундирувчига тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада ундирувчи бирга яшаш истагини билдириб, алимент ундириш тўғрисидаги суд қарорининг ижросини тугатишни сўраб, илтимоснома топширган.
Вояга етмаган уч фарзанд бўлса, яна тўлақонли оила муҳитида вояга етадиган бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги