Амударёда «Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини намунали ташкил этиш» мавзусида семинар бўлиб ўтди

Амударё тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девонининг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази томонидан «Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини намунали ташкил этиш» мавзусида кўргазмали семинар ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Шарапат Отемисов, халқ депутатлари Амударё тумани Кенгаши раиси, туман ҳокими Собир Хўжаметов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва туман Кенгаши депутатлари, маҳаллий Кенгаш котибияти ходимлари, Кенгаш ҳузуридаги «Ёшлар маслаҳат гуруҳи» аъзолари, сиёсий партиялар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинар давомида «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг доимий комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш» мавзусида маъруза тингланиб, тажриба алмашилди. Депутатлар томонидан туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшаётган ҳиссаси, уларнинг аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги ўрни, шунингдек, давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида иштирокчилар маҳаллий Кенгаш фаолияти, депутатлар ташаббуслари ва уларнинг жойлардаги аҳоли билан ўзаро ҳамкорлик механизмлари билан яқиндан танишди.
Мазкур семинар маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштириш, депутатлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги