Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш масалалари муҳокама қилинди

Кўпчиликка маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ҳозирги кунларда республикамизда қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов раҳбарлигида Республика миқёсида ташкил этилган штабнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикасидан аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни ташкил этиш бўйича бириктирилган комиссия раиси сув хўжалиги вазири Ш. Ҳамроев ва республика комиссияси аъзолари иштирок этди.
Йиғилиш давомида аҳолининг демографик ҳолати, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари, турмуш даражаси ва фаровонлиги, шунингдек, қишлоқ хўжалигининг ҳозирги ҳолати тўғрисидаги маълумотларни аниқ ва ишончли тарзда шакллантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, рўйхатга олиш жараёни орқали аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш истиқболларини таҳлил қилиш ва баҳолаш учун зарур бўлган маълумотлар базасини яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда Президент Фармони ижросини самарали таъминлаш мақсадида туманда ташкил этилган штабларнинг асосий вазифалари, бажарилиши лозим бўлган ишлар, амалга ошириладиган ташкилий ва амалий чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди. Шунингдек, рўйхатга олиш ишларида иштирок этувчи ходимларнинг малакасини ошириш, аҳолига ушбу жараённинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов соҳа мутасаддиларига аниқ вазифалар юклаб, ишларни сифатли ва белгиланган муддатларда бажариш бўйича топшириқлар берди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги