Бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик халқимизга хос одат

56

Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида «Ўзбекистон – умумий уйимиз» шиори остида «Биз – бир оила фарзандларимиз!» мавзусида дўстлик фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Жонибек Жумаев, ушбу марказнинг катта илмий ходими Абдулвосит Мамадалиев, марказнинг диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими Баёзхон Маҳмудов ва бошқалар иштирок этиб, Ўзбекистондаги бағрикенглик сиёсатининг ҳаётимиздаги аҳамиятини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистонда сўнгги йилларда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг муҳокама қилинди.

Фестиваль иштирокчилари дастлаб Ажиниёз музейида бўлиб, бу ердаги экспонатлар билан танишди.

Меҳмонлар бу ерда буюк сўз заргари Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва ижоди, шунингдек, институт тарихи бўйича қимматли маълумотларга эга бўлди.

Шунингдек, фестиваль доирасида институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қувондиқ Қодиров раҳбарлигида «Жаҳолатга қарши – маърифат билан» ғояси асосида маънавий-маърифий суҳбатлар ташкил этилиб, унда халқлар ўртасидаги тотувлик, бағрикенглик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг жамиятдаги тутган ўрни ҳақида сўз юритилди.

– Юртимизда бағрикенглик сиёсий ёки маърифий шиор эмас, балки халқимизнинг турмуш тарзига айланган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Дин ишлари бўйича бош мутахассиси Худайберген Незаматов. – Бугунги кунда бу тамойил давлат сиёсатидан ташқари ҳар бир оила, маҳалла ва ҳар бир инсон қалбида ўз ифодасини топмоқда.

Тадбир институтнинг «Тўмарис» халқ ансамбли аъзолари ва иқтидорли ёшлар ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги