“WikiMarafon” орқали ёшларимиз ўзбек тилини жаҳонга танитмоқда

48
Мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни маънавий етук, жисмонан соғлом қилиб вояга етказиш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан йигит-қизларнинг дунёқарашини ўстиришга қаратилган лойиҳалар йўлга қўйилаётир.

Ана шулардан бири “WikiMarafon” лойиҳаси бўлиб, интернет оламида ўзбек тилининг нуфузи ва имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. 2022 йил 20 майда ўзбекча Википедияни бойитиш орқали ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган “WikiMarafon”

лойиҳаси бошланганида ўзбекча Википедиядаги мақолалар сони 140 минг атрофида эди. Мазкур рақам бугунги кунга келиб 309 мингдан ошди. Ундаги таҳрирлар сони эса 2,5 миллиондан 5,7 миллионга ўсган. Мақолаларнинг асосийси мамлакатимиз ёшлари фаолиятидан иборат.

Бугунга қадар, лойиҳа сабаб ўзбекча Википедиядаги фойдаланувчилар сони 880 нафардан ошиб, саҳифалар сони 1,1 миллионга етди. Айни пайтда ундаги сўзлар сони 63 миллиондан ортган. Бу орқали жаҳон рейтингидаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, 62-ўриндан 40-ўринга кўтарилди.

– Ҳозирги кунга келиб ўзбекча Википедия Марказий Осиё давлатлари Википедияси орасида 1-ўринни, туркий тиллар орасида эса 3-ўринни қайд этмоқда, – деди лойиҳа раҳбари Шоҳжаҳон Собиров. – Мазкур рақамлар қисқа муддат ичида эришилган катта ютуқларнинг бир бўлаги, холос. “WikiMarafon” ҳар бир ёшни ўз ҳиссасини қўшишга чорлайди: мақола ёзиш, таҳрир қилиш, маълумотларни ўзбек тилида бойитиш орқали биз ўз тилимизни глобал саҳнага олиб чиқамиз. Лойиҳа доирасида китобхон ёшлар учун бир нечта танловларни ўтказдик. Талаба ва ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилган танловларда кўплаб ёшларимиз қатнашиб китоблар тўпламларини қўлга киритди.

Шунингдек, “WikiMarafon” лойиҳаси доирасида ёшлар “WikiIELTS” танловида иштирок этиш орқали ELTS имтиҳонини бепул топшириш имконини берувчи ваучерларни ютиб олди. Танлов шартлари жуда оддий бўлиб, дастлаб иштирокчилар бот орқали рўйхатдан ўтди, уларга берилган матнни ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилиб, қайта юклади.

Бир сўз билан айтганда, “WikiMarafon” лойиҳаси ёшларга кенг имкониятлар яратиш билан биргаликда, ўзбек тилининг нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА