Рақобат қўмитаси чиқинди ташиш корхоналарига чора кўришни талаб қилди

82

Аҳоли турмуши ва шаҳар тозалигига бевосита таъсир қилувчи чиқинди ташиш хизматларида сифатнинг пасайиши ва асоссиз қарздорлик ҳолатлари кўпаймоқда.

Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси мазкур соҳадаги корхоналар фаолиятини ўрганиб, тегишли кўрсатмалар юборди.

Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига фуқаролардан қаттиқ маиший чиқинди ташиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланиши, чиқиндиларни белгиланган даврда олиб кетилмаслиги ва сифатсиз хизмат кўрсатилаётгани каби масалалар юзасидан жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида мингга яқин мурожаат келиб тушган.

Мурожаатларнинг катта қисми Наманган, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларига тегишлидир.

Шу билан бир қаторда, Қўмита Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида бу борада ўрганишлар ўтказганида истеъмолчиларга кўрсатилмаган хизматлар учун қарздорлик ҳисоблангани ҳам аниқланган.

Мисол учун, Сирдарё вилоятида хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалига риоя қилинмагани оқибатида атроф-муҳитда чиқиндилар кўп миқдорда тўпланган, аммо шунга қарамай фуқаролар кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ тўлаган. Қайта қилинган ҳисоб-китоблар натижасида 628 млн. сўм истеъмолчилар фойдасига ҳал этилиши таъминланди.

Юқоридагиларга асосан, Қўмита томонидан аҳоли яшаш пунктларидан қаттиқ маиший чиқиндиларни белгиланган муддат ва сифатда ташиб кетилишини таъминлаш ҳамда асоссиз қарздорлик ҳисобланишининг олдини олиш чораларини кўриш юзасидан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига кўрсатма юборилди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА