Маҳаллаларда табиий газ таъминоти янада яхшиланди

81

Айни пайтда Тахиатош туманида истеъмолчиларга узлуксиз табиий газ етказиб бериш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Тахиатош тумани газ таъминоти бўлими томонидан 2025-2026 йилги куз-қиш мавсуми учун газ тармоқларини реконструкция қилиш режасидаги 9,9 километр газ қувурларини таъмирлаш, ҳолатини яхшилаш, хизмат муддатини узайтириш бўйича аниқ ишлар амалга оширилмоқда.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасидаги ишларни ўрганиш давомида аниқланган камчилик ва носозликлар тезкорлик билан бартараф этилмоқда. Хусусан, тумандаги «Кенегес» овул фуқаролар йиғинидаги ер ости юқори босимли тармоғининг 1 километр 500 метр, «Обод макон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ер ости ўрта босимли тармоғининг 1 километр 800 метр қисми ер устига чиқарилиб, «Қушчилик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги тармоқнинг 2 километр 500 метр қисмини реконструкция қилиш ишлари олиб борилди.

– Асосий мақсадимиз фойдаланиш муддати 30-40 йилдан ошган газ тармоқларимизни таъмирлаб, автоматлаштирилган газ тақсимлаш станциялари қабул қилиб олган газларни истеъмолчиларга исрофсиз етказиб бериш, – дейди «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» филиали етакчи мутахассиси Руслан Ғаррибоев.

Шунингдек, бугунги кунга қадар туманнинг «Нурли келажак» МФЙ ва «Найманкўл» ОФЙга тортилган ер ости ўрта босимли газ тармоғининг 2 километр 500 метр қисми ер устига чиқарилиб, реконструкция қилинди. Натижада 8 минг 572 та хонадонда табиий газ таъминоти янада яхшиланишига эришилди.

– Туманимизда аҳолини газ билан узлуксиз таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда, – дейди меҳнат фахрийси Йўлдошбой Оллоберганов. – Амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли уйларимиз иссиқ, кўнглимиз хотиржам бўлмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги