Тараққиёт душманлари

Бугунги кунда барча соҳаларда аҳолига қулайлик яратиш, қолаверса, рақамлаштириш тизимини яна-да такомиллаштиришга урғу берилмоқда. Бундан кўзланган мақсад кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда вақтнинг беҳуда сарфланишининг олдини олишдан иборат.
Жумладан, жамоат транспортларидан фойдаланиш бўйича ҳам янги тартиб-қоидалар ишлаб чиқилди. Хусусан, йўл ҳақи тўловларини карта орқали амалга ошириш жорий қилиниб, бунда аҳолига бир қатор енгиллик ва қулайликлар тақдим этилди.
Бироқ ҳар доим ҳам ислоҳотлар етарлича тушунилмайди. Унинг чегараларини кўр-кўрона бузиб ўтувчилар топилади. Бундайлар шубҳасиз тараққиёт душманларидир.
Гап шундаки, бугунги кунда автобуслардан фойдаланиб, тўловни амалга оширмаётган йўловчилар ҳам кўп учрамоқда. Ваҳоланки, бунинг оқибатлари мунтазам огоҳлантирилади.
—Мен жамоат транспортларидан, хусусан, автобусдан мунтазам фойдаланаман, — дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети учинчи босқич талабаси Шахриёр Боймирзаев. — Баъзида автобусдан тушаётганда йўл ҳақини тўламай кетаётгаан йўловчиларга кўзим тушади. Бу мени ҳам ажаблантиради, шу билан бирга ғазаблантиради. Негаки, киши 1700 сўм тежаб, ҳеч қачон бой бўлиб қолмайди. Бундайлар қонунларни ҳурмат қилмасликлари виждонсизликдан деб биламан. Чунки виждонига бўйсунган кишига ҳеч бир қоида ўлчов бўлолмайди.
Дарҳақиқат, тараққиётнинг юксалиши кичик омиллардан бошланади. Бунга фақатгина ҳукумат эмас, балки бутун бошли миллат масъулдир. Шундай экан, ҳар биримиз ўз масъулиятимизга бефарқ бўлмаслигимиз шарт. Шундагина биринчи навбатда инсонийлигимизга, қолаверса, шу азиз юртимизга муносиб бўлмоғимиз мумкин. Зеро, ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшувчилар сафида туриш шарафидан маҳрум бўлмайлик. Ҳеч бўлмаганда, бунга тўсқинлик қилмаслик ҳам фойдадан холи эмас.
Шербек Исломов, ЎзА