Келинга сеп мол-мулклари қайтариб олиб берилди
Ҳозирда ёш оилаларнинг бахт тўйига қизнинг қариндошлари томонидан тўйга тўёна деб бир дунё мол-мулк бериш одат тусига айланган.
Лекин турмуши ўхшамаган ёшлар орасида кўзатилаётган ажримлардан сўнг куёв томондан қелинга қўшиб берилган мол-мулкларни қайтармаслик ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Бундай ҳолатларда келиннинг сеп мулкларини қайтариш масаласи суд тартибида ҳал этилиб, Мажбурий ижро бюро органлари томонидан олиб берилади.
Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туман судининг жорий йилнинг 26 сентябридаги ижро ҳужжатига асосан, даъвогар Ж.Х.га жавобгар Э.Б.дан унинг яшаш манзилида турган 27 миллион сўмдан ортиқ 52 атамадаги сеп мол-мулкни олиб бериш белгиланган. Ушбу ҳужжат асосида Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлими ходимлари томонидан ижро ҳаракатларига киришилди.
Хусусан, ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида бўлим ходимлари томонидан жавобгарнинг яшаш манзилига борилди. Кўрсатилган қаршиликларга қарамасдан 52 атамадаги барча сеп мол-мулк даъвогар Ж.Х.га олиб берилиб, суд қарори ижроси амалда таъминланган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири