Рақамли асрда муаллифлик ҳуқуқига эҳтиёж ҳар қачонгидан юқори

Электрон технологиялар ривожланган даврда шубҳасиз, инсон ижод маҳсулларининг қадри янада ортиб бормоқда. Бугун интернет, ижтимоий тармоқлар, сунъий интеллект ва рақамли оммавий ахборот воситалари орқали асарлар бир сонияда миллионлаб фойдаланувчиларга етиб боради. Лекин бу жараёнларда ҳар доим ҳам муаллифлик ҳуқуқи ва унга оид масалалар қоидаларга жавоб беравермайди. Шу жараёнда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки, муаллифлик ҳуқуқи — бу нафақат ижодкорнинг манфаатини ҳимоя қилувчи, балки миллий маданият ва иқтисодиёт ривожини таъминловчи восита.
Яқинда ушбу масалага оид муаммо жамоатчилик эътиборига тушди. 2019 йилда америкалик тадқиқотчи ва таржимон Марк Эдвард Риз томонидан Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи “Bygone days” номи билан инглиз тилига таржима қилинган эди. Ушбу асарнинг бир нусхаси таржимон томонидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ҳадя қилинган. Лекин таржимон “Bygone days” асари сканерлаб бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқалиб кетганидан норози бўлди. Унинг фикрича, содир бўлган ҳолатни интеллектуал мулкнинг ўғирланиши ва бундай ҳолатлар Ўзбекистонга нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қила оладиган шерик сифатидаги ишончига путур етказишини баён қилди. У ўзининг таржима асари билан содир бўлган “қароқчилик” ҳодисаси шунчаки шахсий алам эмас, балки мамлакатда муаллифлар ва таржимонлар меҳнатига қандай муносабатда бўлишаётганининг кўрсаткичи эканини таъкидлади.

Ушбу мақола ортидан эса Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети расмий баёнот билан чиқди. Баёнотнинг мазмуни нафақат таржимоннинг ташвишларига жавоб, балки интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, илмий адабиётларни таълим жараёнида фойдаланиш ва халқаро стандартларга риоя қилиш масалаларига доир кенгроқ тушунтиришларни ўз ичига олади.
Баёнотда авваламбор Марк Риснинг Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини инглиз тилига юқори даражада таржима қилгани эътироф этилади. Таржима нафақат сифатли илмий иш, балки ўзбек адабиётини халқаро майдонда тарғиб қилишда муҳим роль ўйнайди. Университет ушбу асарни ўз талабалари учун илмий ва маданий манба сифатида тақдим этганини таъкидлайди. Бу эса таржима компетенцияси ва қиёсий адабиётшуносликни ривожлантиришга хизмат қилган.
ЎзДЖТУ баёнотида интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш масаласи алоҳида таъкидланган. Университет Берн конвенцияси ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) тамойилларига қатъий риоя қилишини билдиради. Таржимон томонидан топширилган асар эса фақат университет кутубхонасида мавжуд бўлиб, ўқув мақсадларида фойдаланиши келтириб ўтилган. Бу, асосан, таржима амалиёти, қиёсий адабиёт таҳлили ва инглиз тили таълими жараёнларини қамраб олади.
Баёнотда келтирилишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ, олий таълим муассасалари ўз илмий ва ўқув адабиётларига оид электрон библиографик ёзувларни Unilibrary.uz платформасига жойлаштириши шарт.
Университетнинг тушунтиришича, Марк Риснинг таржимаси бўйича тизимга фақат библиографик маълумот техник талаблар асосида киритилган ва китобнинг тўлиқ матни ҳеч қачон оммага тақдим этилмаган. Муаллифнинг рухсати талаб қилиниши аниқлангач, библиографик ёзув тизимдан олиб ташланган ва асарнинг рақамли версиясига кириш имконияти бутунлай ёпилган.
Unilibrary.uz — бу 110 дан ортиқ олий таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказларини бирлаштирувчи ягона миллий платформа бўлиб, у нотижорат хусусиятга эга ва фақат ахборот ва таълимий мақсадларга хизмат қилади. Баёнот муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш платформанинг асосий тамойилларидан бири эканини алоҳида таъкидлайди.

ЎзДЖТУ расмий баёнотида Марк Риснинг ташвишлари жиддий қабул қилингани, юзага келган ҳар қандай ноқулайлик учун узр сўралгани кўрсатилиб, интеллектуал мулк ва таълимий жараёнлар ўртасидаги мувозанатни таъминлашга бўлган интилиш билдирилган. Баёнот, шунингдек, таржимон ва университет ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзбек адабий меросини халқаро майдонга олиб чиқиш ва таълим жараёнини интеллектуал мулк меъёрларига мувофиқ ташкил этишнинг муҳимлигини таъкидлайди
Масала ушбу баёнот билан ҳал бўлиб қолмади. Бу жавоб таржимонни қониқтирмаган ва у муаллифлик ҳуқуқи бузилгани учун бошқача чора кўрилиши кераклигини таъкидлаган. Ушбу вазиятда икки хил қутбда фикрловчилар бор. Баъзилар, таржима ушбу университетга совға қилинган ва бунинг электрон шаклда тарқалишида муаллифлик ҳуқуқи талаб этилмайди деб баҳолашса, иккинчи томон совға қилинган китобни сканерлаш ва интернет бўйлаб тарқатиш таржимоннинг улкан меҳнатини қадрсизлаш дея ҳисоблашади.
Юқорида келтирилган масала муаллифлик ҳуқуқи бузулишига оид биргина мисол. Лекин “қароқчилик” (пиратлик) – Ўзбекистон китоб бозоридаги жиддий муаммо. Уни амалда назоратини таъминлаш, ноширлар устидан назорат ва муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилиш механизмлари етарли эмас. Масалан, ҳозирда махсус, яъни айнан маълум нашриётга тегишли бўлган китоблар шунчаки қайта нашр этилиб, икки-уч марта арзон сотилаётган вазиятларга дуч келмоқдамиз.
Биз китобларни расман олиб кириб, солиқлар ва божхона йиғимларини тўлаб ҳам давлатга, ҳам ўқувчиларга фойда келтиришимиз мумкин. Лекин “пиратлик” нусхалари улкан зарар етказмоқда. Чунки ушбу нусхаларда таржима даражаси ва китоб маъноси юқори даражада таъминланмайди ва шунинг учун ҳам ушбу “қўлбола” ишлар арзонгаров баҳоланади. Афсуски, кўп харидорлар арзонроқ нархларни танлаб, таржимада маъно қуйи даражада сақланиб қолган асарлар ўқишга мажбур бўлади.
Афсуски, Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқлари бузилиши оммавий ҳодисадек гап бўлиб қолди. Бунда гап фақат китоб ва мусиқа асарлари “қароқчилиги”дагина эмас. Ҳатто реклама кампаниялари бошқаларнинг материалларидан рухсатсиз фойдаланаётганини ҳам кўришимиз мумкин. Плагиат, айниқса, илмий муҳитда оғриқли намоён бўлмоқда: ноқонуний ўзлаштиришлар, мақолаларни “қайта ишлашлар”, ўзбек тилидаги рухсат этилмаган таржималар ва нашрлар – буларнинг ҳаммаси мунтазам ҳаётимизда учраб турибди. Бу аввало, илмий муҳитнинг ёмонлашуви, сохта илмий иш ва мақолалар кўпайишига хизмат қилиб жамият ривожланишига катта ғов бўлмоқда.
Тадқиқотлар ва кузатишлар шуни кўрсатадики, аҳолининг муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги тушунчаси чекланган. Кўпчилик “интернетдаги материал ҳаммага очиқ, демак фойдаланиш мумкин” деган нотўғри қарашга эга. Бу эса ҳуқуқбузарликларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистонда электрон китоблар учун тўлов маданияти бор, жуда суст. Ҳозир одамлар тобора кўпроқ филмлар, мусиқага обуна учун пул тўлашяпти ва бу одат китобларга ҳам секин-аста тарқалмоқда.
Контентга тўлов маданияти мустаҳкамланиши учун, аввало, одамларга шинамлик ва қулайлик таклиф қилиш зарур. Пулли иловаларда бепул ПДФ ва оддий каналларда тарқатилувчи материалларда йўқ функциялар бўлиши шарт. Мисол учун: тавсиялар, навигация, аудиоформат, қисқача таърифлар, парча эшитиб кўриш имконияти бўлиши мумкин. Фойдаланувчи қулайлик ва сифат учун пул тўлаётганини ҳис қилса, унда контент учун ҳақ тўлашнинг онгли одати пайдо бўлади.
Муаллифлик ҳуқуқи — бу нафақат ижодкорнинг манфаатини ҳимоя қилувчи, балки миллий маданият ва иқтисодиёт ривожини таъминловчи механизм. Ўзбекистонда сўнгги йилларда бу борада муҳим қадамлар қўйилган бўлса-да, ҳали ҳам кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва амалий механизмларни мустаҳкамлаш талаб қилинади. Муаллифлик ҳуқуқини чуқур англаш, унга риоя этиш ва ҳурмат билан қараш маданиятини шакллантириш келажакда рақамли иқтисодиётнинг ривожланишида муҳим омил ва асл асарларга жуда яқин маъно ифодаловчи сифатли ижодий ишлардан баҳраманд бўлиш имконини беради.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА