Қорақолпоғистон Республикасида хорижий инвестицияларни жалб килиш ва экспортни ошириш буйича ишлар таҳлил қилинди

88

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси А.Аъзамхўжаев томонидан Қорақалпоғистон Республикасида хорижий инвестициялар ва грантларни жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, туризм салоҳиятини ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишлар ўрганилди.

Ўрганиш давомида Нукус шаҳри, Чимбой тумани ва “Нукус” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган корхоналар ҳамда янги ташкил этилаётган лойиҳаларнинг ҳолати билан яқиндан танишилди.

Саноат, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги имкониятлар таҳлил қилиниб, ҳудудда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлиги муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, давлатимиз раҳбарининг ташаббус ва яратган қулай инвестиция муҳити натижасида Қорақалпоғистон Республикасида хорижий инвестиция ҳажми сўнгги йилда 3 бараварга ошган.

Учрашувлар давомида маҳаллий тадбиркорлар, ҳокимликлар ва соҳавий ташкилотлар вакиллари иштирокида иқтисодий фаолликни янада кучайтириш, лойиҳаларни молиялаштириш ва янги сармоячиларни жалб этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудуднинг маданий ва табиий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, хорижий туристлар оқимини ошириш борасидаги долзарб вазифалар кўриб чиқилди.

Ташриф якунида инвестиция фаолиятини янада рағбатлантириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини юксалтириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди, – дея ахборот бермоқта senat.uz сайти.