Туркия делегацияси мамлакатимиз ёшлари фаолияти билан танишди

45

Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи масъуллари ва Туркиянинг Халқаро ёшлар уюшмаси делегацияси учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида меҳмонлар Ўзбекистон ёшларининг сиёсий, ижтимоий ва маданий фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳалар билан яқиндан танишди. Мамлакатимизда ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар учун яратилган имкониятлар ва истиқболли ташаббуслар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди.

Тадбир давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ўзбекистон умумжаҳон ёшлар ассоциацияси ҳамда Халқаро ёшлар уюшмаси вакиллари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, қўшма дастур ва лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, томонлар ёшлар сиёсати, инновацион ғоялар алмашинуви, халқаро волонтёрлик дастурлари, маданий-маърифий лойиҳалар ҳамда таълим ва медиа соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича ўзаро келишувга эришди. Учрашув якунида Халқаро ёшлар уюшмаси вакиллари Ўзбекистонда ёшлар учун яратилган шароит ва имкониятларни юксак баҳолаб, бу йўналишда Туркия ва Ўзбекистон ёшларини бирлаштирувчи қўшма ташаббусларни амалга ошириш истагини билдирди.

Гулноза Бобоева,

ЎзА