Хўжайлида замонавий стадион фойдаланишга топширилди

103

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Бухоро вилояти Хўжайли туманига бириктирилиб, сўнгги йиллар давомида бир қанча самарали ишлар амалга оширилди.

Шундай эзгу ишларнинг бири сифатида, Хўжайли тумани марказий стадионининг реконструкция ишларини айтиб ўтиш мумкин. Хусусан, стадионга Бухоро вилояти томонидан жами 5 млрд. сўм маблағ ажратилиб, кенг кўламдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада 2 мингдан зиёд томошабин сиғимига эга бўлган замонавий қиёфадаги халқаро талабларга жавоб берадиган улкан стадион қуриб битказилди. Шунингдек, стадион ўз навбатида ёшларимизнинг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашга, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга жуда кенг имкониятлар ва спорт мухлислари учун қулай шароитлар яратиб берди.

1 ноябрь куни ушбу замонавий кўринишдаги Хўжайли тумани марказий стадионининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирга туман ҳокими Ж.Ермашев, Қорақалпоғистон Республика спорт вазири Е.Қутибоев, Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Ж.Арашов, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар ушбу эзгу ташаббуслар учун ҳурматли Президентимизга чексиз миннатдорлик билдириб, келгусида бу маскан халқимизнинг энг қувончли кунларида хизмат қилишига ишонч билдирди. Шундан сўнг янги стадионда тумандаги ҳудудий жамоалар ўртасида ўтказилган «Хўжайли тумани ҳокимининг кубоги» мусобақасининг финал ўйинларига старт берилди.

Унда кубокнинг дастлабки босқичларида ғалаба қозонган энг кучли жамоалар ўзаро баҳслашиб, мусобақа якунида биринчи ўринни «Мустақиллик» жамоаси қўлга киритди ва кубок соҳибига айланди.

Иккинчи ва учинчи ўринлар «Боғмон» ва «Қирқинчи» маҳалла фуқаролар йиғинлари жамоаларига насиб этди.  Ғолиблар Хўжайли ва Бухоро ҳокимлиги томонидан тайёрланган махсус кубок, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Тадбир давомида туман маданият бўлими ходимларининг концерт дастури намойиш этилди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси