Тошкентда Финляндия Президенти Александр Стубб иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди

82

Бугун Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ)да “Марказий Осиё ва Шимол мамлакатлари: янги ҳамкорлик истиқболи” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Финляндия Республикаси Президенти Александр Стуббнинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида ташкил этилди. Финляндия делегацияси сифатида тадбирда Президент Александр Стубб, Парламент депутати, Ўзбекистон билан дўстлик гуруҳи раиси Вилле Скиннари, Мартти Ахтисаари Тинчлик Фонди дастурлар бўйича раҳбари Оскар Эронен ҳамда Давлат раҳбари маъмурияти тинчлик бўйича воситачилик директори Вилле Бруммер иштирок этди.

Ўзбекистон томонидан эса мамлакатнинг етакчи давлат ва нодавлат таҳлил марказлари раҳбарлари ва вакиллари қатнашди.

Анжуман доирасида Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг асосий масалалари бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, Шимолий Кенгаш мамлакатлари ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари, жумладан савдо ва инвестиция, энергетика, таълим, фан ва инновация соҳаларидаги имкониятлар муҳокама қилинди. Барқарор ривожланиш ва рақамли трансформация соҳаларида нордик тажрибасидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

МОХИ директори Жавлон Ваҳобов Хельсинки кўп йиллик халқаро воситачилик ва қонун устуворлиги маркази сифатида тан олинганини таъкидлади. Қолаверса, Финляндиянинг тинчлик ўрнатиш борасидаги садоқати Марказий Осиё учун айниқса муҳимлиги, айниқса инновация ва таълим соҳасида дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири экани таъкидланди.

Технологик жиҳатдан энг ривожланган давлатлар қаторида эътироф этиладиган бу мамлакатнинг илғор тажрибасини ўзлаштириш бўйича Марказий Осиё улкан салоҳиятга эга.

– Масалан, минтақа мамлакатлари учун “яшил” энергетика ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш устувор йўналишлар ҳисобланади, – дейди Ж.Вaҳобoв. – Фин давлатининг ушбу соҳалардаги тажрибаси амалий аҳамият касб этади.

Умуман, мазкур давра суҳбати томонлар ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам сифатида “Марказий Осиё – Шимолий Кенгаш” формати доирасидаги амалий ташаббусларни мувофиқлаштириш учун муҳим майдонга айланди.

Тадбир доирасида Марказий Осиё халқаро институти билан Мартти Ахтисаари Тинчлик жамғармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат сиёсат, иқтисодиёт ва минтақавий хавфсизлик соҳаларида қўшма тадқиқотлар ўтказиш, ўзаро ташрифлар амалга ошириш ва доимий алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек ўзаро қизиқиш уйғотувчи бошқа масалалар бўйича қўшма тадбирлар ташкил этишни назарда тутади.

Хельсинки шаҳрида жойлашган, Финляндиянинг собиқ президенти Мартти Ахтисаари томонидан ташкил этилган мамлакатнинг мазкур етакчи таҳлилий маркази 2000 йил тинчлик йўналиши бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган. Жамоа тинчлик ўрнатиш, низоларни ҳал этиш ва дунёнинг турли минтақаларида барқарор тинчликни таъминлаш йўлида фаолият юритади.

Азиза Алимова, Носиржон Ҳайдаров, ЎзА